Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нурафшон шаҳар Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди
22:43 / 2021-03-24

Бугунги кунда Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида 49 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Мазкур ҳудудда бунёдкорлик ва яратувчилик ишлари қизғин тус олиб, йил сайин мутлақо янги қиёфа касб этмоқда. Бир айланиб шаҳарга келиб қолсангиз шинам ва замонавий бинолар қад кўтариб, янги кўчалар бунёд бўлганига гувоҳ бўласиз.

Улар сафига энди Нурафшон шаҳар Давлат хизматлари марказининг янги биноси ҳам қўшилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Хидоятов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев, БМТ Тараққиёт дастурининг (UNDP) Ўзбекистондаги вакили Матильда Димовска, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими бошлиғи Франсуа Бежо, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Давлат хизматлари кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилгани аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, юртимизда инвестиция иқлими, ишчанлик муҳити ва бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда Давлат хизматлари агентлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон қишлоқ жойларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Унинг доирасида мамлакатимиздан 5 та, жумладан, Тошкент вилоятидан Нурафшон шаҳар Давлат хизматлари маркази тажриба тариқасида танлаб олинган эди. Янги марказ биносини мебель жиҳозлари, моддий техника воситалари, бошқа зарур воситалар билан таъминлаш учун мазкур қўшма лойиҳа ҳисобидан қарийб 700 миллион сўм грант маблағлари ҳисобидан 40 дона ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини сотиб олиб, марказга тақдим этди.

[gallery-1730]

Марказда аҳоли учун бир қатор қулайликлар яратилган. Хусусан, фуқароларни кутиш вақтлари унумли ўтишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Навбатлари келгунча мўъжазгина кутубхонада фуқаролар қизиқарли китоб ўқиши, болалар эса махсус жиҳозланган майдончада вақтини мазмунли ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, марказнинг ўзида ФҲДЁ бўлими ҳам жойлашган. Мутахассислар томонидан давлат хизматлари соҳасидаги мурожаатлар ўрганилиб, ходимлар томон йўналтиради. Электрон навбат, инфокиоск ташкил этилган.

Бу ерда бир вақтнинг ўзида 16 нафар, бир кунда 400-450 нафар фуқарога хизмат кўрсата олади. Залдаги 6 та мониторда 150 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан, қайси операторга бориш кераклиги ҳақидаги маълумотлар марказга келувчи фуқаролар учун тақдим этиб борилади.

— 2020 йилда марказ томонидан 37 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди, — дейди Нурафшон шаҳар Давлат хизматлари маркази директори Мирсаид Султонов. — Якка тартибдаги тадбиркор сифатида 484 та, юридик шахс сифатида 282 та янги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Янги марказ биносининг қурилишида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ахборот тизимларини идоралараро интеграция қилинишини яхшилаб, аҳолига давлат хизматларини қулай ва ўз вақтида олиш имконини яратади.

Тадбир доирасида Давлат хизматлари агентлиги, Мактабгача таълим, Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ўртаси ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. Асосий мақсад электрон давлат хизматларини оммалаштириш, рақамли хизматлардан фойдаланиш бўйича фуқароларнинг билим ва кўникмаларини оширишдир.

Бунинг натижасида 590 мингдан зиёд талаба ва 41 мингдан ортиқ профессор-педагог, 504 мингга яқин ўқитувчи, 439 минг мактаб битирувчиси, мактабгача таълим соҳасининг юзга яқин ходимини электрон хизматлардан фойдаланишга ўқитиш назарда тутилмоқда.

Тадбирда иштирокчилар марказда яратилган шароитлар билан танишди. Бу ерда хизмат қилаётган мутахассислар ва ҳудуд фаоллари билан яқиндан суҳбатлашди.

А.Мусаев, О.Ғуломов (сурат), ЎзА