Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг VI учрашувида қатнашмоқда.
Мажлисда минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, Афғонистондаги вазият, жумладан, гуманитар инқирозни олдини олиш мақсадида Афғонистон халқига ёрдам кўрсатиш имкониятларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Куни кеча Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши котибияти ижрочи директори Қайрат Сарибай билан учрашган эди. М. Тлеуберди Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашини институционал ўзгартириш бўйича изчил ишларни давом эттириши зарурлигини қайд этди.
К. Сарибай Қозоғистоннинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашига раислиги концепциясининг амалга оширилиши ва Кенгашнинг 30 йиллиги доирасида 2022 йилга режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълумот берди. Қозоғистон раислиги ташаббусларини амалга ошириш ҳисобига Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг жаҳон саҳнасида эътироф этиш даражаси ошгани қайд этилди.
Мажлис кун тартибидан, шунингдек минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, терроризм ва экстремизмга, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга доир долзарб масалалар ўрин олган.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши - Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича халқаро форум бўлиб, 1992 йилда ташкил топган. Бугунги кунда минтақа ҳудуди ва аҳолисининг 90 фоизини қамраган 27 мамлакат (Россия, Озарбайжон, Афғонистон, Бангладеш, Бахрейн, Ветнам, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Иордания, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Камбожа, Қатар, Қирғизистон, Хитой, Монголия, БАА, Фаластин, Покистон, Корея Республикаси, Тожикистон, Таиланд, Туркия, Ўзбекистон, Шри-Ланка) Кенгаш аъзоси, 8 мамлакат (АҚШ, Беларус, Индонезия, Лаос, Малайзия, Украина, Филиппин, Япония) ва 5 халқаро ташкилот (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Халқаро миграция ташкилоти, Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеяси) кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши котибияти Нур-Султан шаҳрида жойлашган.
Ўтган йилларда мазкур тузилманинг Қозоғистон, Туркия ва Хитой раислигида бешта саммити бўлиб ўтган. Давлат раҳбарлари иштирокидаги саммит ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. Кенгашга Қозоғистон (2002 – 2010), Туркия (2010 – 2014), Хитой (2014 – 2018), Тожикистон (2018 – 2020) йилларда раислик қилган. Айни дамда раислик яна Қозоғистонга ўтган.
Биринчи саммит 2002 йилда ўтказилган бўлса, 5- саммит Душанбеда 2019 йил 14-15 июнь кунлари бўлиб ўтди.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши ҳам тўрт йилда бир марта ўтказилади. Ташқи ишлар вазирлари Давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги саммитдан икки йил ўтиб йиғилиш ўтказади.