Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адиб Нур Аҳмаднинг ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этилган “Хоразм немислари” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, атоқли шоир Ғайрат Мажид тинчлик, ҳамжиҳатлик, барқарорликни асраб-авайлаш масаласи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида устувор ўрин эгаллаши, тақдимоти ўтказилаётган китоб ҳам аслида диёримизда турли миллат ва элат вакиллари аҳилликда истиқомат этиб келаётгани ҳақида ҳикоя қилишини таъкидлади.
- Ҳар бир китоб катта меҳнат ва заҳматлар эвазига яратилади, - деди Ғайрат Мажид. – Бу китоб ҳам муаллиф Нур Аҳмаднинг жуда узоқ йиллар давомида архивларда тадқиқотлар олиб бориши, тарихий материалларни пухта ва ҳар томонлама синчковлик билан ўрганиши натижасида юзага келган. Эътиборга молик жиҳати, бу асар аслида ўзбек халқининг меҳридарёлиги, бағрикенглиги, кенгфеъллиги ҳақида ҳикоя қилиши билан диққатга сазовор.
– Китобни ўқир экансиз, “миллат”, “юрт”, “ўзбек”, “Ватан”, деган тушунчалар қалқиб чиқади, - деди Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори, таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев. – Бу тушунчалар Нур Аҳмаддек заҳматкаш зиёлиларимиз борлигидан фахрланиш туйғусини қалбан ҳис этишга ундайди. Таниқли немис фотографи Вильгельм Пеннерни Хоразмда “Фонарчи ота” деб аташарди. Хонадонлари бир-бири билан ўзаро яхши муносабатда бўлгани сабабли биринчи ўзбек фотосанъати ва ҳужжатли кино устаси бўлган Худойберган Девонов болалигида “Фонарчи ота”дан тасвирга олиш сирларини ўрганган эди. Буни тақдир тақозоси билан диёримизга келиб қолган немисларнинг ўзбек халқига ўзига хос миннатдорлиги, деб ҳам англаш мумкин.
Тақдимотда эътироф этилганидек, Нур Аҳмаднинг “Хоразм немислари” ҳужжатли-бадиий қиссасида гоҳ узоқ, гоҳ яқин ўтмиш, баъзан Европа, баъзан Осиё тарихи, ҳатто тушлар, инсон хаёлотидаги ўйлар ҳам аралаш-уйқаш келади. Бир гуруҳ олмон оилаларининг тақдири асносида цивилизациялар ва маданиятлар тақдири, диний қадриятлар қисмати ва шуларнинг барини ўзида мужассам этган ва катта ҳарфлар билан ёзилса арзигулик инсон қисмати асар марказига қўйилган.
Адабиётшуносларнинг фикрича, муаллиф мавзуга ниҳоятда нозиклик, юксак ҳурмат ва маданият билан ёндашади. Етти иқлим олисликдаги нотаниш ўлкалардан ҳаловат излаб келган юзлаб инсонларнинг бу манзилларга ўрнашиши, умргузаронлик қилиши, кутилмаган фожеалар китобхон қалбини ларзага солади.
[gallery-27784]
Муаллиф ўз қаҳрамонларининг диний эътиқоди “кенгликлари” хусусида кўп ҳам сўз очмай тўғри йўл тутган, зеро, олислардан Хоразм воҳаси томон карвон тортган мусофирлар ҳаёти, яшаш тарзи, касб-кори, хусусан, маҳаллий аҳоли, муҳит ва шарт-шароит билан уйғунлашиб кетиш воқеликлари асарнинг туб ўзагини ташкил этади. Асарнинг марказий меҳвари ҳамюртларимизнинг қалби дарёлигида, юксак инсонпарварлик туйғуси теграсида мужассам.
Хоразмда яшаган немисларнинг оилалари, айрим шахсларнинг исм-шарифлари мумкин қадар тўлиқ келтирилгани асарнинг ҳужжатли қатлами қадрини оширган. Айниса, ҳозирги вақтга келиб, кейинги авлод вакиллари ўртасидаги дўстона мулоқотларнинг сақланиб қолинганига доир лавҳалар катта қизиқиш билан ўқилади.
Тақдимот тадбирида “Хоразм немислари” номли китобнинг ўзига хос бадиий-тарихий аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари