Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, қонунчилигимизда истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам кўплаб нормалар белгиланган. Бунда улар учун сотиб олинган товар нуқсонли бўлса, уни бошқасига алмаштириш ва ёки қайтариб бериш имконияти бор.
Хўш, бунга қандай ҳолларда рухсат этилади?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бу борада қуйидаги ҳуқуқий тушунчаларни берди:
–"Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасида нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби белгиланган. Ушбу моддага мувофиқ, товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак.
Чўл ва олис жойларда, товарлар вақти-вақти билан олиб бориладиган жойларда истеъмолчининг бундай талаби ушбу жойларга навбатдаги товар етказиб бериш учун кетадиган муддат ичида, лекин икки ойдан кечиктирмай қондирилиши лозим.
Истеъмолчининг розилиги билан сотувчи нуқсонли товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб бериб, харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.
Хулоса қилиб айтганда, нуқсонли товарни алмаштириш бўйича асосли мурожаат қилинганда, сотувчи уни муқобил товарга, белгиланган вақт мобайнида алмаштириб бериши шарт.
Гулноза Бобоева, ЎзА