Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей сессияси доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот аввалида Президентлар Шавкат Мирзиёев ҳамда Режеп Таййип Эрдоғаннинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари асосида жадал ривожланиб, икки томонлама муносабатларда янгича ўсиш кузатилаётгани қайд этилди.
Н.Куртулмуш кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг миқёсли янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни эътироф этиб, парламентлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда бор имкониятини ишга солишини билдирди.

Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган ушбу нуфузли тадбир Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик янгиланишларнинг халқаро миқёсдаги улкан эътирофи эканини, бу эса ўзаро тажриба алмашиш, парламентлар ўртасида алоқаларни кучайтиришда ўзига хос майдон бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
–Ўзбекистон бизга ота макон. Ушбу тадбирнинг мамлакатингизда ўтиши жуда муҳим. Чунки Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган оқилона сиёсат натижасида мамлакат юксалмоқда. Ҳар сафар келганимизда Ўзбекистоннинг янада тараққий этиб бораётганини кўриш биз учун қувонарли. Жуда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Туркия Ўзбекистон билан ҳамкорлик, қардошлик ва дўстлик муносабатларини қадрлайди ва доимо қўллаб-қувватлайди, — деди Н.Куртулмуш.

Учрашувда Ўзбекистон — Туркия парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашда ўзаро ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва фаоллаштириш муҳимлиги, бунда дўстлик гуруҳлари ва тегишли қўмиталарнинг фаол иштирокини таъминлаш, унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА