Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нукусдан таралган қўҳна оҳанглар
10:13 / 2021-09-17

Бахшиларнинг беназир ижоди, халқ достонлари ва термалари қадим тарихимиз, қўҳна маданиятимиздан сўзлайди.

Ҳали йигирмага тўлиб-тўлмаган Достонжон "Опа, сиз ҳам баҳраманд бўлинг" деб, бахшилар ижодидан намуналар, халқ термаларини смартфон орқали менга ҳам илинишга астойдил ҳаракат қилади. Замонавий компьютер технологияларига қизиқувчи бу йигитнинг бахшичилик санъатига ошнолиги рости мени жуда ҳайратга солди. Бу ҳам юртимизда бахшичилик санъатини ривожлантириш йўлидаги ишларнинг натижаси бўлса, ажабмас!  

…Бахши бобо аста дўмбира чертади. Мунгли, жуда қадрдон оҳанглар, бахшининг дўмбирага кўчган дарди, изтироби, кечинмаларидан қалбингиз ларзага келади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу бахшичилик санъати ривожида ҳам ўзининг яққол ифодасини топаётир. Эзгу ташаббус асосида санъатнинг бу нодир ва афсуски, тобора камёблашиб бораётган йўналиши ривожига бор куч, эътибор сафарбар этилмоқда.

Шарқ халқлари фольклор санъатининг етакчи жанри бўлган бахшичиликни кенг тарғиб қилиш, фольклор анъаналари ва қадриятларини сақлаш, ўрганиш, тарғиб этиш, ривожлантириш ва бахшичилик санъатининг моҳир ижрочиларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратила бошланди. 2019 йилда Термиз шаҳрида илк марта Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтди. Мазкур фестиваль бахшичиликдек гўзал ва бетакрор санъатга ошно бўлган мухлислар курраи заминимизнинг исталган мамлакатида топилишини яна бир карра намоён этди.

Санъатнинг бу бебаҳо йўналиши равнақи йўлида тегишли "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида халқимизнинг бу дурдона санъати ёшларга безавол ўргатилмоқда. Элшунос, фольклоршунос олимлар соҳада тегишли изланишлар олиб бормоқда. Соҳа ривожига мамлакат етакчисининг ўзи катта эътибор қаратаётгани, ҳеч бир ижрочининг, ҳатто йилт этган истеъдод соҳибининг салоҳияти назардан четда қолмаётгани кўп жиҳатлардан ўз ифодасини топмоқда.

Юртбошимизнинг жорий йили Сурхондарё вилоятига сафари чоғи вилоят фаоллари, кенг жамоатчилик, ёшлар билан учрашув чоғида "Қани, бахши йигит нима дейди?", деган самимий, юракдан мурожаатининг видеоси ўша заҳотиёқ сматрфонларда тарқалиб кетганди. Негаки, завқли, халқчил, чин кўнгилдан бўлиб ўтган гурунг халқ кўнглидан тезда ўрин олди.

Бу йил бахшичилик санъати ижрочилару ўз мухлисларини Нукус шаҳрида жамлади. Бу ердан таралаёган оҳанглар гўё бутун она заминни тутиб кетгандек. Нукус санъат, нафосат, теран оҳанглар масканига айлангандек гўё. Бебаҳо санъатимиз ривожи йўлидаги эзгу ташаббуслар, албатта ўз натижасини беражак!

Назокат Усмонова, ЎзА