Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нукусдаги Президент мактабида очиқ эшиклар куни ўтказилди
11:41 / 2021-05-31

Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивадаги Президент мактабларида жорий йилнинг 5-25 июнь кунлари ҳужжатларни қабул жараёни бўлиб ўтади.

Ўқувчиларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан Cambridge International Assessment билан ҳамкорликда ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижалари асосида амалга оширилади.

Нукус шаҳридаги Президент мактабининг фаолияти ва ўқишга қабул қилиш жараёнлари билан кенг жамоатчиликнинг яқиндан таништириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.  

Иштирокчилар ошхона, робототехника тўгараги, ётоқхона ва чет эллик ўқитувчилар меҳмонхонаси, спорт майдончалари, ёпиқ сузиш ҳавзаси, кутубхона ва ўқув жараёни билан яқиндан танишди.

Тадбир якунига бағишланган матбуот анжуманида жорий йилги қабул ва ҳужжатларни топшириш қоидалари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ўқув жараёни, Cambridge International Education дастури, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиш ва лойиҳалар билан ишлаш, ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Президент мактаблари ташкил этиш бўйича ғояни илгари сурди. Мактабни ташкил этишдан асосий мақсад, таълим жараёнига илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли ёшларни тарбиялаш, ўқитиш, рағбатлантириш ҳамда келгусида уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, етакчилик кўникмалари ва нотиқлик маҳоратини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш каби кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

Ўқув жараёни “Cambridge Assessment” билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM —таълим» (Science – табиий фанлар, Technology – технология, Engineering – техник ижодкорлик, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури асосида олиб борилади.  

[gallery-2603]

Президент мактабининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Мактабда STEAM йўналишидаги фанлар Cambridge International дастури асосида инглиз тилида, маҳаллий фанлар Ўзбекистон таълим дастурига асосан давлат тилида олиб борилади. Ўқувчиларга 8 нафар чет эллик, 25 нафар маҳаллий ўқитувчи таълим беради.

Президент мактаби ўқувчилари халқаро олимпиада, танлов ва лойиҳаларда муносиб иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 24 нафар битирувчидан 23 нафари АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Қирғизистон, Швейцария, Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия, Австралия давлатларининг, 2 нафари маҳаллий-хорижий олий таълим муассасаларининг муддатидан олдин талабаси бўлиб, жами 3 миллион 908 минг 187 АҚШ доллари миқдоридаги грант соҳиби бўлди.

Ўқувчилар Seamo халқаро олимпиадасида 2 та бронза медаль, 6 та халқаро сертификат, MAA AMC 10 халқаро олимпиадасида 2 та олтин, 3 та кумуш 2 та бронза медаль, MAA AMC 8 халқаро олимпиадасида 2 та олтин, 4 та кумуш 3 та бронза медаль, инглиз тили бўйича WRITING WORLD CUP иншолар танловида 1 та бронза медални қўлга киритди.

Очиқ эшиклар куни Президент мактабига қабул жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди. Жорий ўқув йилида 5- синфга 24 нафар, 6- синфга 24 нафар ўқувчи қабул қилинади. Бунда ўқувчилар туғилганлиги ҳақида гувоҳнома, ўқувчининг 3x4 ҳажмдаги фото сурати, баҳолаш табелидан нусха, мактаб директори томонидан тасдиқланган маълумотнома шаклининг электрон варианти талаб қилинади. Ҳужжатлар фақат онлайн шаклида топширилади. Ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларни ўрнини босадиганлар portal.piima.uz сайти орқали ҳужжатларни жўнатиш керак бўлади.

Кириш имтиҳонлари – икки босқичдан иборат бўлиб, 1- босқич 20-25 июль, 2- босқич 20-23 август кунлари бўлиб ўтади. Математикадан 30 та, reading + грамматикадан 40 та, танқидий фикрлашдан 16 та, муаммоли ечишдан 24 та савол бўлади.

Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши Президент мактаблари учун танлов жараёнини назорат қилади. Инглиз компанияси учун ўғил-қизлар истеъдоди, танқидий ва мантиқий фикрлаш даражаси баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА