Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нукусда ёш полвонлар куч синашди
01:02 / 2025-12-11

Белбоғли кураш халқимизнинг баркамол авлодни тарбиялашдаги спорт турларидан бири.

Жорий йилнинг 7-10 декабрь кунлари Нукус шаҳрида ёшлар ўртасида (U18) бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақаси ёш полвонларнинг ғайрати, маҳорат ва матонатининг  ёрқин кўриниши бўлди.  

Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг тақвим режасидаги мазкур мамлакат кубоги беллашувларида барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 300 нафардан ортиқ спортчилар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишида куч синашди.  

Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтган муросасиз беллашувларда Нозигул Сотволдиева (Андижон), Шаҳло Калмуратова (Қорақалпоғистон), Ҳасанбой Раҳимжонов (Наманган), Шоҳжаҳон Абдужабборов (Фарғона), Толибжон Набижонов (Сирдарё) сингари ёшлар ўз вазн тоифаларида ғолибликка сазовор бўлишди.

Умумжамоа ҳисобида эса Андижон вилояти терма жамоаси энг кўп медаллар жамғариб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринни Наманган вилояти жамоаси қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин мезбонлар жамоасига насиб этди.  

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Н.Раҳмонова, ЎзА