Янги йил байрами арафасида Нукус шаҳрида “Osten Technologies” корхонаси ишга тушди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда нуроний-оқсоқоллар, фаол хотин-қизлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этиб, йиғилганларни Янги йил байрами ҳамда янги корхонанинг очилиши билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб объектлар фойдаланишга топширилмоқда. Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан бундай хайрли ишларга салмоқли ҳисса қўшаётган тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Эзгу мақсадлар йўлида ишга туширилаётган корхоналар иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлаш билан бирга, аҳоли даромадларини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Лойиҳа қиймати 23,5 миллион АҚШ доллари бўлган “Osten Technologies” корхонасининг тўлиқ қувватда ишга туширилиши билан йилига 640 минг метр радиатор маҳсулотини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва яратилган иш ўринлари сони 300 тага етказилади.
Тадбир иштирокчилари янги корхона фаолияти билан яқиндан танишишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири