Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар А.Досназаров кўчасида жойлашган “Натали” кафеси ёнида 2022 йил 17 апрель куни соат 01:00 ларда номаълум шахслар жиноий тил бириктирган ҳолда бир гуруҳ бўлиб, ўтиб кетаётган 21 ёшли О.А.ни тўхтатиб, ундан гўёки телефон қилиш учун “РОССО Х3 PRО” русумли телефонини олади. Кейинчалик О.А. ўзининг телефонини қайтариб беришни сўраган вақтида номаълум шахслар уни уриб, соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Бундан ташқари, номаълум шахслар ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, шу куни соат 01:30 ларда Нукус шаҳар 22-кичик туман ҳудудида жойлашган 19-умумтаълим мактаби ҳудудида 22 ёшли Э.Д.дан “Redmi note 9S” русумли телефонини гаплашиб олиш учун сўраб олиб, кейинчалик Э.Д.ни уриб, соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, телефони ҳамда ёнида бўлган 30 минг сўм пулини талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг маълум қилишича, олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни бир гуруҳ бўлиб 18 ёшли П.М., 19 ёшли А.Х., К.М., Ж.А., 16 ёшли Ю.А., 20 ёшли Д.А., А.А., К.А., 21 ёшли Ш.Н., О.А., 22 ёшли Э.Д. ҳамда 24 ёшли А.А., Б.Б. содир этганлиги аниқланди. Улардан жабрланувчиларга тегишли 1 дона “РОССО Х3 PRО” русумли, 1 дона “Redmi note 9S” русумли телефони ҳамда 10 минг сўм миқдоридаги пул ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Нукус шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекснинг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарларнинг 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги, 6 нафарига эса уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА