Нукус тумани марказида “Street Workout” ҳамда мини футбол майдончалари қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этиб, мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни спортга жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Таъкидланганидек, Нукус туманининг “Оқманғит” жамоаси мини футбол бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги учун бўлиб ўтган мусообақада 14 жамоа орасида тўртинчи ўринни эгаллаб, “Street Workout” майдончаси сертификатга эга бўлган эди.
Шунингдек, мусобақалар якунига кўра, жамоа устози Серик Жалгасов “Энг яхши мураббий” номинацияси ғолиби бўлди.
Умумий қиймати 1 миллиард 300 миллион сўм бўлган мазкур қурилиш ишларини “MAX ELIT STROY” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари қисқа муддатда сифатли қилиб фойдаланишга топширди. Ушбу спорт майдончалари туман ёшлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, уларни спортга жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Янги спорт майдончаларида ёшлар ўртасида спорт мусбақаси ҳам ўтказилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА