Нукусда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Божхона органлари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тизимли равишда кураш олиб борилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасининг олдини олиш мақсадида Нукус шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида фуқаро Қ.Ж. 7800 дона пиротехника воситасини ноқонуний равишда сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек, яна бир ҳолатда фуқаро С.Н. жами 5760 дона пиротехника воситасини шартли харидорга сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА