Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нукусда ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилди
15:36 / 2022-08-27

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Электрон кооперация портали ҳамкорлигида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 мартдаги “2022 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилган тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қулай инвестиция шароитларини яратиш, саноат тузилмасини диверсификация қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларига айланди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг инновацион салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ҳамда тадбиркорлар ўртасида, энг аввало, юқори технологиялар соҳасида саноат кооперациясини амалга оширишнинг янги шаклларини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди.

Ҳудудий саноат ярмаркасида Қорақалпоғистон, шунингдек  вилоятлардан ташриф буюрган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 200 дан зиёд корхона ўзларининг мингга яқин маҳсулот намуналари, ўзлаштирилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулот турлари, истиқболли лойиҳалари билан иштирок этмоқда.

[gallery-8536]

Қорақалпоғистон Республикасида саноатни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш, импортни оптималлаштириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йили 16,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 107,4 фоизни ташкил этди. Жорий йилда эса 18,3 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда  Қорақалпоғистон Республикасида 180 дан зиёд хорижий инвестиция иштирокидаги ҳамда 3400 га яқин саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудда асосий ривожланган соҳалар – бу нефть-кимё, енгил, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ҳамда фармацевтика саноати ҳисобланади.

– Ярмаркани ташкил этишдан кўзланган мақсад, ишлаб чиқарувчилар ва давлат буюртмачилари ўртасида саноат кооперация алоқаларини ошириш, йирик корхоналарнинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасидаги узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация маркази етакчи мутахассиси Оғабек Эшчанов. – Шунингдек электрон кооперация портали орқали  ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хом-ашёларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш юзасидан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бугунги кунгача ўтказилган 8 та ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси давомида умумий қиймати 2,4 триллион сўмлик 5159 та шартнома ва 200 миллиард сўмликдан зиёд 248 та меморандум имзоланди.

Икки кун давомида саноат маҳсулотлари кўргазмалари, электрон кооперация биржаси портали фаолияти, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб қилиш, инвестицион имкониятлар, тадбиркорликни ривожлантириш, тармоқ ва ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган тақдимотлар, В2В учрашувлар каби тадбирлар ўтказилди.

Ярмарка якунида фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА