14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат қилаётган бир гуруҳ фидойи ҳарбий хизматчиларга янги, замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган намунали уй-жойлар тантанали равишда топширилди.
Мазкур тадбир мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Уй-жойлар Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган дастур асосида, замонавий қурилиш талаблари ва шаҳарсозлик меъёрларига тўлиқ мос ҳолда барпо этилди.
Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондонлиги, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
[gallery-27095]
Тадбирда сўзга чиққанлар Ватан тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида кеча-ю кундуз фидокорона хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг меҳнати юксак эътирофга лойиқ эканини таъкидлашди. Ҳарбий хизматчининг руҳий ҳолати, хизматга бўлган масъулияти ва садоқати кўп жиҳатдан унинг оиласидаги шароит билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, ушбу топширилаётган янги уйлар ҳарбий хизматчиларга нафақат қулай турмуш маскани, балки Ватанга садоқат билан хизмат қилиш йўлидаги яна бир катта рағбат эканлиги қайд этилди.
Янги уй-жойлар кенг ва ёруғ хоналар, замонавий коммуникация тармоқлари, иссиқ ва совуқ сув, табиий газ, электр энергияси билан тўлиқ таъминланган. Шунингдек, ҳудудда болалар майдончалари, яшил ҳудудлар, автотураргоҳлар барпо этилган бўлиб, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратилган. Уй калитларини қабул қилиб олган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари давлатимиз раҳбарияти ҳамда Мудофаа вазирлигига ўз миннатдорликларини билдириб, яратилаётган шарт-шароитлар хизматга бўлган масъулиятни янада оширишини таъкидлашди.
Тадбир байрамона руҳда давом этиб, маданий дастур, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ва бадиий чиқишлар билан янада кўтаринки кайфиятда ўтди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари