English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нукус ва Хива шаҳарларида «Хавфсиз шаҳар» ягона интеграллашган тизими йўлга қўйилмоқда
16:12 / 2024-03-28

Бугунги кунда дунё аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи шаҳарларда истиқомат қилади. Боиси, шаҳарлар кундан-кунга яшаш учун қулай ҳамда хавфсиз бўлмоқда. Бироқ тан олиш керакки, аҳоли сонининг кескин ўсиши натижасида шаҳарлар турли кўринишдаги жиноят ва таҳдидларга дуч келмоқда. Яъни, киберҳужумлар, террорчилик, биокимёвий ҳужумлар, озиқ-овқат қўрқуви, флеш-моблар, техноген ва табиий офатлар шулар жумласидан. Шаҳарларда ишончли ва хавфсиз яшаш, фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги учун шароит яратиш эндиликда бутун дунё олдида турган энг муҳим вазифага айланди.

Жумладан, Ўзбекистон аҳолисининг кундан-кунга ўсиши натижасида шаҳар ҳудудлари кенгайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида марказлар инфратузилмасининг ортиши, жамоат хавфсизлиги ва хавфсиз транспорт тизимини яратишга бўлган талабларни ошириши табиий. Шу сабабдан, бугунга келиб мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Хавфсиз шаҳар» ягона интеграллашган тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.  

«Хавфсиз шаҳар» тизими — хавф-хатарлар, фавқулодда вазиятлар, ҳодисаларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни комплекс бошқариш тизими бўлиб, давлат томонидан аҳоли ҳаёти ва фаолиятини барча ташқи таҳдидлардан муҳофаза қилади. Шунингдек, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳаёти ва соғлигини турли хавфлардан ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли қўриқланишини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида бир қатор ишларни амалга оширади.  

«Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази ахборот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда ушбу лойиҳа республикамизнинг барча вилоят, шаҳар ва туманларида татбиқ этилмоқда. «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида IТ технологияларини қўллаш, замонавий хавфсизлик воситаларидан фойдаланиш, тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш ва тезкор чора кўриш механизмларини қўллаш, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва фуқаролар учун хавфсиз муҳитни яратиш каби ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.  

Мисол учун, биргина Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва Хоразм вилояти Хива шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аҳоли гавжум бўладиган жамоат жойларига интеллектуал видеокузатув камералари, транспорт воситалари томонидан йўлларда содир этиладиган қоидабузарликлар ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун фото-радар қурилмалари, шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш жойларига автотранспорт воситаларининг давлат рақамини қайд этувчи видеокузатув мосламалари ўрнатилмоқда. Ушбу мосламалар Ситуацион-таҳлилий марказга интеграция қилиниши натижасида онлайн режимда ҳудудлар назоратини амалга ошириш имкони яратилмоқда.  

Бундан ташқари, Хива шаҳри сайёҳлар доимий ташриф буюрувчи маскан бўлгани сабабли, шаҳарнинг аҳоли гавжум бўлган жамоат жойларига маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш, сайёҳлик фаолияти хавфсизлигини самарали таъминлаш мақсадида шахсни идентификацияловчи, йўналтирилган ва айланма интеллектуал видеокузатув қурилмалари ҳамда автотранспорт воситаларининг давлат рақамини аниқловчи камералар ўрнатилди.  

Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзгача кўринишга эга бўлмоқда. Муҳими эса, у ердаги аҳоли ва меҳмонларнинг хавфсизлиги эндиликда «Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида янада ишончли таъминланади.  

Таъкидлаш лозим, «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш марказининг асосий вазифалари ички ишлар органлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари ўзаро алоқасини, видеокузатув тизимларини, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, объектларни муҳофаза қилиш, эҳтимолий таҳдидларни тезкор аниқлаш ва огоҳлантириш, интеллектуал таҳлилий датчикларни аниқлаш, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш, навбатчи-диспетчерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари тизимини яратишдан иборатдир.  

 

ЎзА