Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Нукус” умумқўшин полигонида янги объект фойдаланишга топширилди
18:02 / 2022-08-27

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллик байрамига туҳфа сифатида “Нукус” умумқўшин полигонида артиллерия қўмондонлик пункти мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Янги объектнинг очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Нукус ҳарбий прокуратура органи раҳбарияти, артиллерия мутахассислари иштирок этди. Сўзга чиққанлар мамлакатимиз Қуролли Кучларини жадал ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларнинг касбий малака ва соҳа бўйича маҳоратини янада ошириш мақсадида қўшинларда ўқув-моддий базани такомиллаштириш, замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан бутлаш, машғулотларга ахборот-коммуникация воситаларини кенг жорий этишда катта ютуқларга эришилаётганини таъкидлади.

Замонавий ўқув жойлари ва тренажёрлари, жанговар тайёргарлик объектларида соҳа сирларини пухта ўзлаштираётган юртимиз ҳимоячилари мамлакат мудофаа салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш билан бирга халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам етакчи хорижий армиялар билан тенгма-тенг баҳслашаётгани эътироф этилди.

Янги барпо этилган мажмуа майдон кузатуви ва бўлинмаларнинг ҳаракатини бошқариш қулай бўлиши учун олдиндан мавжуд бўлган 65 метрлик тепалик устида қурилди. Артиллерия ва умумқўшин бўлинмалари жангини ҳамда артиллерия оловини бошқариш, артиллерия олови йўналтирувчилари ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари инструкторлари иш фаолиятини ташкил этиш учун мўлжалланган мажмуа таркибидан икки қаватли артиллерия қўмондонлик пункти ва ертўладаги артиллерия кузатув пункти объектлари жой олган.

Кузатиш мосламаларисиз 8-10 километр очиқ майдонни бемалол кузатишга қулайлик яратган ушбу мажмуа иқлим инжиқликларидан ҳарбий хизматчиларни асраб, артиллериячиларнинг жангни яширин тарзда бошқариши учун кенг қулайликлар яратади.

Дивизион ва батарея кузатув пункти шартли душман жойлашган жойни ҳамда ажратилган ҳудудни разведка қилиш, бўлинмалар ўтли зарбаси ва манёврини бошқариш, умумқўшин бўлинмалар ҳаракатини кузатиш ва бошқа бўлинмалар билан ҳамкорликни ушлаб туриш каби вазифалар учун мўлжалланган. Унда артиллерия дивизиони ва батарея қўмондонлиги жойлашиб, жангни ташкил этиш ва олиб боришни амалга оширади.

Икки қаватдан иборат бўлган артиллерия қўмондонлик пунктининг юқори қисмида майдон кузатувини амалга ошириш учун ёпиқ жой ва артиллерия бўлинмалари билан оловни бошқариш бўйича машғулотларни ташкил этиш, ўқув-жанговар ҳаракатларни режалаштириш ва назорат қилиш учун машғулот хонаси мавжуд. Бино олдида яратилган ҳудуднинг кичрайтирилган макети артиллерия қурилмаларидан ўт очишни режалаштириш ва оловни бошқаришга қўшимча равишда ёрдам беради. Мажмуа таркибида санитар тизим ҳамда техникаларнинг вақтинча турар жойи ҳам ўрин олган.

Тадбир давомида мазкур мажмуанинг яратилишида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Иштирокчилар томонидан мазкур ўқув объектида келгусида катта машғулотлар, халқаро даражадаги ўқувлар ўтказилишига ишонч билдирилди.

 

ЎзА