Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Нукус» умумқўшин полигонида бўлинма командирлари билан ўқув-услубий йиғин ўтказилди
20:10 / 2022-04-23

Сўнгги йилларда олиб борилаётган замонавий жанг ва ҳарбий можароларнинг таҳлили бўлинма командирларидан кучли жанговар ва ахлоқий-руҳий тайёргарликка эга бўлишни, касбига масъулият ва садоқат билан ёндашишни янада кўпроқ талаб этмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан “Нукус” умумқўшин полигони негизида барча тоифадаги бўлинма командирлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирокида жанговар тайёргарлик бўйича ўқув-услубий йиғин ўтказилди.

Янги –  2022-2023 ўқув йилида бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлиги ва жанговар шайлигини юқори босқичга кўтариш, командирларнинг шахсий масъулияти, касбий маҳорати, билим ва кўникмаларини юксалтириш мақсадида ташкил этилган йиғин машғулотлари назарий ва амалий тарзда олиб борилди.

Назарий қисмда иштирокчилар билан тактика, отиш тайёргарлиги, ҳарбий топография, махсус, саф, тиббий ва ахлоқий-руҳий тайёргарликдан машғулотларни тўғри ташкиллаштириш ва ўтказишда интерфаол усуллар ҳамда мультимедиа ва кўргазмали воситалардан фойдаланиш бўйича тажрибали офицерлар кўмагида тавсиялар берилиб, билимлари бойитилди.

Йиғиннинг иккинчи қисмида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасининг бир гуруҳ мутахассилари ҳам 16 та ўқув жойида бўлинмаларнинг жанговар тайёргарликдан амалий машғулотларини кузатиб борди.  

Дастлабки машғулотда гуруҳнинг нотаниш ҳудудда разведка-қидирув ҳаракатларини олиб боришнинг ўзига хос хусусиятлари амалий тарзда намойиш этилган бўлса, кейинги ўқув нуқтасида ҳарбий топогроф томонидан азимут бўйича ҳаракатланиш ва навигацион ускуналарни ишлатишга доир қизиқарли маълумотлар етказилди.

Навбатдаги машғулотда жанговар бўлинмалар томонидан замонавий қуролли тўқнашувлар театрининг эҳтимолий жанговар ҳаракатлари намойиш этилиб, унда бўлинмаларнинг чўл ҳудудида жанговар ва ҳарбий техникаларда марш юриши, миналаштирилган тўсиқлардан ўтиши ва шартли душман жойлашган ҳудудга шиддатли ҳужум уюштириш амалда кўрсатиб берилди.

Батальон шахсий таркибининг мудофаада шартли душман ҳужумини қайтариш бўйича амалий машғулотда кузатувчиларга бошқа бўлинмалар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлик масалаларини ўрнатиш, ўт очишни бошқариш, мадад бериш ҳамда бошқа бир қатор жанговар таъминот масалалари бўйича кўргазмали тарзда машғулот ташкил этилди.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида сафар ҳолатида юришга мўлжаллаб, ҳарбий хизматчилар учун белгиланган кийим-кечак таъминоти, буюм халта ва унда зарур бўлган бирламчи анжом-аслаҳалар ҳамда уларнинг қўлланилиши ҳақидаги маълумотлар ҳеч кимни беэътибор қолдирмади.

Йиллар давомида бўлиб ўтган жанговар ҳаракатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жанг вақтида ярадор бўлган ҳарбий хизматчи ўзига ҳамда жабрланган сафдошига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқиш усул-услубларини ўрганиш бўйича ҳарбий тиббиёт соҳа мутахассислари томонидан кўрсатилган ўқув жойи, албатта, ҳар бир иштирокчига янги билим ва кўникмаларни олишга замин яратди.

Ҳарбий хизматчиларнинг бир-бирини ўт очиш билан қўллаб-қувватлаган ҳолда жанговар жуфтликда ҳаракат қилиши, яқин масофадаги шартли душманга қарши зарба бериш мақсадида ҳужумга ўтиши ва мудофаада самарали жанг олиб бориши кўргазмали тарзда намойиш этилган навбатдаги ўқув нуқта кузатувчилар диққатига сазовор бўлди.

Полигон ҳудудида бунёд этилган ва махсус ҳаракатларни олиб боришга мўлжалланган яқин жанг шаҳарчасидаги кўргазмали ўқув-жанговар ҳаракатлар театри барчада таассурот қолдирди. Жанговар машиналарнинг ўт билан мадад бериши ортидан ҳаракатланган қўшин разведкаси бўлинмасининг шартли террористларни йўқ қилиш бўйича махсус операцияси шиддатли босим ва бўлинманинг қатъий ҳаракатлари сабаб муваффақият билан якун топди.

Ўқотар қуроллар ва жанговар техника қуролларидан ўқ отиш ва ўт очишни бошқаришни ўргатишга мўлжалланган ўқув нуқталар командирларда шахсий таркиб билан жанговар тайёргарликдан амалий машғулотларни тўғри ташкил этиш ва ўтказиш билим ва кўникмасини янада оширишга хизмат қилди.

Кўргазмали машғулотлар давомида ҳар бир иштирокчи ўқув жойларида амалий машқларни кундузи ва тунда бажариши орқали кўникмаларини мустаҳкамлади.

Бир неча кун давом этган ўқув-услубий йиғинлар якунида иштирокчилар жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик фанларидан назарий ва амалий синовларни топшириб, ҳар қандай вазиятда ҳам ўқув-жанговар вазифаларни бажариш, бўлинмаларни самарали бошқаришга қодир эканликларини намойиш этди.

Майор Темур Нарзиев,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ 
матбуот хизмати бошлиғи. 
ЎзА