Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Нукус” полигонида ўқувчилар ўқ отиш машқини бажармоқда
09:36 / 2024-03-13

2020 йилнинг 20 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари томонидан умумтаълим муассасалари 11-синф ўқувчиларининг “Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик” фанидан олган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув йилида бир марта ҳарбий полигонга олиб чиқиш тизимини жорий этиш бўйича топшириқ берилган эди.

Ушбу топшириқнинг сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил  3 февралдаги “Халқ таълими тизимини ислоҳ  қилиш  бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил  8 ноябрдаги “Таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги  қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасидаги барча умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 11-синфида таълим олаётган ўғил болалар учун “Нукус” умумқўшин полигонида амалий ўқ отиш машғулотлари ташкил этилмоқда.

Полигонда ўтказилган бу йилги мавсумнинг илк машғулотларига 1 минг 656  нафарга яқин Амударё туманидаги юқори синф ўқувчиси ҳамда профилактик ҳисобда турувчи ёш жалб этилди. Эътиборлиси, жорий йилдан бошлаб ихтисослаштирилган ҳамда Президент мактаблари ўқувчилари ҳам ушбу машғулотларда иштирок этади. Жами бўлиб Қорақалпоғистон Республикасининг 13  минг 164 нафар 11-синф ўқувчиси амалий ўқ отиш тайёргарлиги машғулотларига жалб этилади. Машғулотлар шу йилнинг апрель ойига қадар давом этади.

Юртимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда халқимиз тарихига ва маънавий қадриятларига юксак ҳурмат туйғусини шакллантириш, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилишга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлашнинг дастлабки пойдевори, албатта, мактаблардан бошланади.  

Полигондаги  ўқув нуқталарида  офицер ва сержантлар раҳбарлигида юқори синф ўқувчиларининг жанговар қуроллар билан муомала қилиш, улардан фойдаланиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига  риоя этиш бўйича машғулотлар ташкил этилди. Ўқув нуқталарида гранаталарни улоқтириш, автомат ўқдонини патрон билан ўқлаш, аниқ мўлжалга олишни ўрганиш, турли ҳолатлардан қуролни отишга тайёрлаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш каби машқлар ёшлар томонидан катта қизиқиш билан бажарилди. Отиш қоидалари  ва хавфсизлик талаблари бўйича берилган йўриқномалардан кейин ёшлар ўқ отиш майдонига  йўл  олди.  

Биринчи маротаба қуролдан амалий ўқ отиш машқларини бажараётган ёшларнинг хатти-ҳаракатларини тажрибали офицер ва сержантлар назорат қилиб боришди. Ҳар бир ўқувчи 100 метр узоқликда турган нишонга қарата 3 дона ўқ узиб, мактабда ўтилган чақириққа қадар бошланғич тайёргарликдан олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.

[gallery-16363]

Ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан махсус жойда жанговар техника ва ўқотар қурол намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Ҳақиқий қуроллар билан танишув, уларнинг жанговар имкониятлари ва техник тавсифи ҳақидаги маълумотлар ҳеч бир ўғил болани эътиборсиз қолдирмади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад  Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари