Ижтимоий тармоқларда “Нукус ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар оғир шароитда сақланади. Экологик фаоллар бонг урмоқда. Тошкент шаҳар ҳайвонот боғи, ҳайвонларни қайтариб олиб кетинг” мазмундаги пост эълон қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги муносабат билдирди. Унда қайд этилишича, ҳайвонларнинг сақланиш шароити вазирликнинг Нукус шаҳар бўлими мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилди.
"Нукус ҳайвонот боғи” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги “Nukus Zoo cirk” фаолият кўрсатаётган бўлиб, ҳайвонот боғида ҳозир 1 дона оқ тирноқли қўнғир айиқ, 8 дона Африка шери, 3 дона бўри, 1 дона чиябўри, 2 дона калхат, 1 дона грифа-тасқара, 4 дона бургут, 2 дона товус, 2 дона қуён, 1 дона чўл тошбақаси ҳайвонлари мавжуд.
Ҳайвонларнинг ҳар бири 5м × 10м ўлчамдаги, қушлар эса 3м × 4м ўлчамдаги волерларда сақланмоқда. Ҳайвонлар ва қушлар сақланадиган волер ва ичкаридаги уяларга ёғоч тахтадан пол қилиниб, иситиш мосламалари ўрнатилган. Ҳар бир волернинг олд қисмида ҳайвонларни суғориш мосламалари, шунингдек, микроиқлим ҳосил қилувчи сув шланглари ўрнатилган.
Ҳайвонларни сақлашда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 21 июнда рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Аҳоли пунктларида ёввойи ҳайвонларни сақлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига риоя қилинган.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, 2022 йил 27 сентябрь куни Нукус ҳайвонот боғида сақланаётган Африка она шери учта шерваччани дунёга келтиргани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирги кунда шерваччалар соғлом ва бақувват ривожланмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири