Нукус ҳалқа йўлида янгича миллий ландшафт дизайни яратилди
Республика аҳамиятидаги 4Р-176 “Нукус – Чимбой – Тахтакўпир” автомобиль йўлининг 14,3 километрида (катта ҳалқа йўли) миллий қора уй марказий ўрни, қўчқор шох нақш ва пальма дарахти манзараси декорацияси яратилди.
“Қорақалпоқ йўлкўкалам” унитар корхонаси томонидан айланма йўли ландшафт дизайнини янада такомиллаштириш мақсадида 5 минг дона шарқ туяси экилган бўлиб, ушбу автомобиль йўлининг 14-16 километри оралиғида 2300 дона декоратив дарахт кўчати экилиши ҳам режалаштирилган.

Ушбу йилда баҳорги экиш мавсуми учун Нукус шаҳри ҳудудидан ўтувчи А-380 “Ғузор –Бухоро – Нукус – Бейнеў” автомобиль йўлининг 720-740 километрида 13 минг 100 дона саксовул, 763-765 километрида 1000 дона бошқа турдаги манзарали дарахт ва буталар, 771-772 километрида 400 дона клён экилиши белгиланган. Ҳозирда ушбу ишлар давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири