Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат марказида Янги йил байрами муносабати билан кенг кўламли, мазмунан бой ва кўтаринки руҳдаги байрам тадбирлари ташкил этилди.
Ушбу тантаналар ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда фарзандлари учун чинакам қувонч, шодлик ва унутилмас хотираларга бой бўлган байрам совғасига айланди. Байрам тадбирлари доирасида ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қурол билан кўргазмали чиқишлар, шижоат, мардлик ва матонат тимсоли бўлган қўл жанги намойишлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу чиқишлар орқали ҳарбийларнинг нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки юксак интизоми, маҳорати ва Ватанга садоқати яққол намоён бўлди. Томошабинлар ушбу намойишларни олқишлар билан кутиб олиб, катта қизиқиш билан кузатишди.


Тадбирнинг байрамона концерт дастурида таниқли театр актёрлари, санъаткорлари томонидан ёрқин ва ранг-баранг байрам шоулари намойиш этилди. Саҳна безаклари, мусиқа ва ёруғлик уйғунлиги томошабинларга чинакам Янги йил кайфиятини бахш этди.


Айниқса, Қорбобо ва Қорқиз, шунингдек, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саҳна кўринишлари болажонларни сеҳрли эртаклар оламига олиб кирди. Қувноқ ўйинлар, қизиқарли мусобақалар ва интерфаол чиқишлар болаларнинг юзида самимий табассум ва чексиз қувонч уйғотди. Тадбир давомида болалар Ватанга муҳаббат, тинчлик ва эзгуликни мадҳ этувчи шеърлар ижро этиб, Қорбобо томонидан тақдим этилган совға-саломларга эга бўлишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири