English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нукус гарнизонида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди
21:02 / 2026-01-13

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Нукус шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда ёшларни Ватанга садоқат, миллий ғурур ва масъулият руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.

Байрамона руҳда ўтган тадбирда умумтаълим мактаблари ўқувчилари, коллеж ва техникум талабалари, олий таълим муассасалари ёшлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.  Ушбу тадбир  орқали ҳарбий хизматнинг бугунги қиёфаси, Қуролли Кучларда яратилган замонавий шарт-шароитлар ва олиб борилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка намойиш этилди.  

Тадбир доирасида куч тузилмаларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар томонидан ўтказилган қўл жанги кўргазмали чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Чаққонлик, аниқлик ва юқори жисмоний тайёргарликни мужассам этган ушбу кўргазмали машғулотлар ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам кучли эканлигини  яққол намоён этди.  

[gallery-27096]

Шунингдек, тадбир давомида замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилди. Ёшлар ҳарбий техникаларнинг  имкониятлари, уларнинг жанговар тайёргарликдаги ўрни билан яқиндан танишиб, мутахассислардан батафсил маълумотлар олишди. Бу эса ёшларда ҳарбий соҳага бўлган қизиқишни янада оширди.

Тадбирнинг энг қизиқарли ва инновацион қисми сифатида дронлар шоуси алоҳида эътиборни тортди. Учувчисиз учиш аппаратларининг ҳаводаги мувофиқлаштирилган ҳаракати, уларнинг разведка ва кузатув имкониятлари намойиш этилиб, замонавий армияда рақамли технологияларнинг ўрни нақадар муҳим экани амалда кўрсатиб берилди. Ушбу шоу ёшлар онгида келажак ҳарбий касбларининг қиёфасини янада яққолроқ гавдалантирди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари ҳарбий хизматчилар учун яратилган яшаш ва хизмат шароитлари билан ҳам атрофлича таништирилди. Замонавий ётоқхоналар, спорт заллари, овқатланиш масканлари, ўқув хоналари ва дам олиш ҳудудлари ёшларга бугунги ҳарбий хизматнинг қулай ва тизимли тарзда ташкил этилганини шарафли ва истиқболли касб сифатида намоён этди.

Тадбир давомида сўзга чиққан масъуллар ёшлар билан очиқ мулоқот қилиб, Ватан ҳимояси — бу муқаддас бурч экани, бугунги кунда ҳарбий хизматчиларга давлат томонидан кенг имкониятлар ва ижтимоий кафолатлар яратилаётганини таъкидлашди. Шунингдек, ёшларни жисмонан соғлом, маънавий етук ва Ватанга садоқатли бўлиб камол топишга чақиришди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари