Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нукус гарнизонида ҳарбий техникаларни қишки мавсумда фойдаланишга тайёрлаш ишлари бошланди
16:27 / 2021-09-30

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда қўшинлардаги энг масъулиятли тадбирлардан бири – қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни қишки мавсумда фойдаланиш режимига ўтказиш ишлари бошланди.

Мазкур комплекс тадбирлар ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни юқори жанговар шайлик даражасида ушлаб туриш ҳамда совуқ об-ҳаво шароитида фойдаланишга ҳозирлаш учун ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти ўлкамизнинг Шимоли-ғарбий томонида жойлашгани боис, қишнинг совуқ кунлари бу ерда эртароқ келиши кутилади. Шунинг учун Нукус ва Урганч гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисмларда жанговар ва ҳарбий техника ҳамда қурол-яроғларни ёзги мавсумдан қишки мавсумда фойдаланиш учун ҳозирлаш бошқа ҳарбий округларга қараганда олдин бошланади.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимига ўтказиш бўйича кўргазмали машғулотда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, округ қўмондонлиги ҳамда Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисмларнинг ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, уларни соз ҳолатда сақлашда кўрсатилаётган техник хизматларнинг аҳамияти катталиги таъкидланди. Ҳар бир командир, ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига бириктирилган қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг соз ва шайлиги учун масъул эканлиги эслатилди.

Кўргазмали машғулотни ташкил этиш учун ҳарбий қисмнинг жанговар ва ҳарбий техникаларни сақлаш паркида саккизта ўқув жойи ва 24 ўқув нуқталари ташкил этилди. У ерда жанговар машина, танк, зирҳли транспортёр, зенит-артиллерия қурилмалари, махсус техника, қурол-яроғ ва бошқа техникаларни қишки шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш ишларининг моҳияти, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, ташкил этилган постларда самарали ва сифатли иш олиб бориш, қурол-яроғ ва техникани об-ҳавонинг ҳарорати паст шароитларда ишлатиш қоидалари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича мутахассислар томонидан йўриқномалар берилди.

Мазкур тадбирларни бажаришда технологик хариталарга кўра ҳарбий қисмлардаги техникаларда совутиш суюқликлари алмаштирилади, ҳар бир жанговар машина агрегат ва тугунлари текширилади, фильтрларни тозалаш ва алмаштириш ишлари ўтказилади, ёқилғи-мойлаш ашёлари янгисига алмаштирилади, электр ва алоқа жиҳозларининг созлиги назоратдан ўтказилади.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида капитал таъмирланиб, зарур асбоб ва ускуналар билан жиҳозланган Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тармоғи техника ва қурол-аслаҳаларга сифатли техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш, уларни доим соз ва жанговар шай ҳолатда сақлаш учун хизмат қилади. 

Замонавий дастгоҳ ва агрегатлар билан жиҳозлганган ушбу объектда мойлаш ишларини амалга ошириш, фильтрлар ва ҳаво кассеталарини ювиш ва мойлаш, стабилизаторлар, тунгги мосламалар, электр жиҳозлари ва назорат-ўлчов асбобларини текшириш постлари яратилди. 

Шунингдек, монтаж-демонтаж, агрегатларни жорий таъмирлаш, чилангарлик, электрогаз пайвандлаш, темирчилик, электр жиҳозларига хизмат кўрсатиш, ёнилғи аппаратлари ва тентларни таъмирлаш ҳамда бўяш каби ўнлаб иш жойлари яратилди. Ҳарбий хизматчиларга эндиликда мазкур тармоқда техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришига барча қулайликлар яратилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимларига ўтказиш йилига икки маротаба – баҳор ва кузда ташкил этилади.

Тадбир режасига кўра октябрь ойининг охиригача Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларидаги мавжуд қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг барчаси қишки мавсумда фойдаланиш учун шай ҳолатга келтирилади.

ЎзА