Нукус давлат педагогика институти Евросиё педагогика университетлари ассоциациясига аъзо бўлди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Евросиё педагогика университетлари ассоциацияси аъзосига айланди.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Евросиё педагогика университетлари ассоциацияси аъзосига айланди. Мазкур тадбир институт ректорининг Москва педагогика давлат университетига ташрифи давомида амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш бўйича вазифалар белгиланган.
– Ушбу қарорга кўра, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш, ўқув-педагогик фаолиятга, мастер-класслар ўтказишга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчиларни фаол жалб қилиш каби вазифалар ҳам белгиланган, – дейди Нукус давлат педагогика институти ректори Байрамбай Отемуратов. – Шунингдек, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш каби масалалар олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш бўйича энг муҳим вазифалар этиб белгиланган. Ассоциацияга аъзо бўлиш мана шу вазифаларни амалда бажарилишида шарт-шароит яратади.
Ассоциация нотижорат ташкилот ҳисобланиб, унинг таркибига Евросиё минтақасидаги, жумладан Ўзбекистон, Қирғизистон, Беларус, Қозоғистон, Арманистон ва Россия давлатларидаги олий ўқув юртлари кириши мумкин.
Ташкилотнинг асосий фаолиятига МДҲ давлатларидаги Ассоциацияга аъзо бўлган университетлар ўртасида халқаро ҳамкорликни ташкил қилиш ва педагогик таълимни ривожлантириш, аъзо университетларда таълим дастури ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш, педагогик таълим тизимида ягона ахборот маконини ривожлантириш каби вазифалар киради.
Евросиё педагогика университетлари ассоциацияси 2015 йилда МҲД давлатлари педагогик университетлари ректорлари йиғилишида таъсис этилган. Унинг президенти Москва педагогика давлат университети ректори ҳисобланади. Ассоциацияга 48 та университет аъзо бўлган.