“Ўзбеккино” Миллий агентлигида таниқли киноактёр Фарҳод Маҳмудов билан Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)да ўзбекистонлик талабалар учун алоҳида курслар бўйича меморандум имзоланди.
Ўзбек талабалари учун ташкил этиладиган ижодий устахонага Фарҳод Маҳмудов раҳбарлик қилади. Эндиликда 15 нафар ёш киноижодкор Бутунроссия давлат кинематография институтида танлов асосида бепул ўқиш имкониятига эга бўлишади.
Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекфильм” студиясига ташрифи давомида маҳоратли кадрларни етиштириб чиқариш учун Ўзбекистонда кино таълимини йўлга қўйиш, киноакадемияни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Бутунроссия давлат кинематография институтида ўзбекистонлик талабалар учун алоҳида курс ташкил этиш бўйича ташаббус қўллаб-қувватланди.
Актёр Фарҳод Маҳмудовнинг таъкидлашича, узоқ танаффусдан сўнг ўзбек ёшларининг МДҲдаги энг нуфузли кино олийгоҳида ўқитилиши Ўзбекистон киноси учун ижобий туртки бўлади.
– Президент билан учрашувда айнан шу таклифни илгари сурганимда давлат раҳбари буни ижобий қабул қилиб, нафақат курс, балки ушбу таълим муассасасининг Ўзбекистонда факультети ташкил қилиниши зарурлигини ҳам билдирди. 30-40 йиллар илгари миллий ижодий устахоналар ВГИКда мавжуд эди. Бироқ кейинчалик бу амалиёт тўхтатилди. Оқибатда ўзбекистонлик киноижодкор ёшлар узоқ муддат юқори даражадаги кино таълимига эга бўла олишмади. Ўзбекистондан талабалар пайдо бўлаётгани ва буни ҳукумат қўллаб-қувватлаётгани қувонарли ҳол. Ушбу талабалар ўқишни битириб келиб, ўзбек киноси ривожига муносиб ҳисса қўшишига ишонаман. Мен ҳам бу ёшлар сифатли таълим олиши учун қўлимдан келган ишни қиламан.Президент бу таклифни маъқуллагани ва ишонч билдиргани мен учун улкан масъулият,– деди киноактёр.
Эслатиб ўтишимиз жоиз, жорий йилда 7 нафар ўзбекистонлик ёш ушбу олийгоҳга илк бора қабул қилинди. Эндиликда эса нуфузли кинематография институтида ўзбек талабалари учун алоҳида курслар ташкил этилмоқда.
ЎзА