Дунё тараққиётининг ҳозирги босқичида постглобаллашув ва постпандемия шароитидан кейинги янги дунё тизимининг қиёфаси қай шаклда бўлади, қайси давлат ва минтақанинг таъсир доираси ошиб боради, сингари сўроқлар дунё сиёсий таҳлилчиларини ўйлантираётгани бор гап.
Кейинги йилларда дунё аҳолисининг 2 миллиарддан ошиқ қисми яшаётган ва тез суръатлар билан ўсаётган ер шарининг икки йирик минтақаси - Марказий ва Жанубий Осиёда кечаётган жадал тараққиёт жараёнларининг геосиёсий ва цивилизацион оқибатлари дунё кучларининг ўрни ва мавқеини ўзгаришига олиб келаётганлиги, ушбу минтақаларга йирик давлатларнинг жиддий нигоҳи қадалаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Дунёдаги кучларни қайта бўлиниш жараёни кечаётган ҳозирги кезларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан элимизнинг бошкенти – Тошкентда 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзуидаги халқаро конференциянинг юксак руҳда ўтказилганлиги Ўзбекистоннинг ижобий имижини оширди, десак муболаға бўлмайди.
Бу нуфузли анжуман тарихан бир ижтимоий, сиёсий муҳитда яшаб келган ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятларга эга икки минтақадаги халқларнинг XIX юз йилликдан бошлаб заифлашиб қолган ҳаётий ришталарини қайтадан жонланишига туртки бўлди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция бош минбаридаги чиқиши ва юртбошимиз илгари сурган таклифлар минтақа халқларининг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорликни фаол ривожлантиришга асос бўлувчи ҳужжат сифатида янгради.
Аввало ушбу нуфузли конференциянинг маданий-гуманитар, таълим соҳаси билан боғлиқ ниҳоятда муҳим қирраси бизнинг шарқшунослик соҳаси учун қандай истиқболларни юзага келтиради?
Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ва мамлакатшунослиги бўйича минтақа мамлакатларининг иқтисодий сиёсати, бу мамлакатлардаги ишлаб чиқариш кучлари ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тузилиши, яшил иқтисодиёт, ушбу минтақа мамлакатлари иқтисодиётида юз бераётган таркибий ўзгаришлар, иқтисодиётининг ўсиш ва тараққий этиш омиллари, уларнинг минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокини ўрганиш, икки минтақадаги меҳнат миграцияси муаммолари, инвестицион сиёсат, геоиқтисодиёт ва миллий тараққиёт хусусиятлари, глобаллашув ва минтақавий интеграция, иқтисодиётдаги диверсификация жараёнлари билан боғлиқ ўқув ва илмий мавзуларга урғу берилади.
Икки минтақа мамлакатларининг сиёсати билан боғлиқ таълим жараёнида халқаро ҳамжамиятлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий ва сиёсий омиллар таҳлили, минтақа мамлакатларининг халқаро сиёсатдаги ўзаро муносабати, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ички ва ташқи сиёсати, уларнинг дунё геосиёсатидаги ўрни ва таъсири, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари, ички ва ташқи таҳдидни юзага келтирувчи омиллар бўйича сиёсий жараёнларни умумлаштириш, аналитик шарҳлаш ва тўғри баҳо бериш кўникмалари билан боғлиқ йўналишларга устуворлик берилади.
Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари халқларининг тарихи, моддий маданияти, ушбу минтақа халқлари томонидан яратилган қадимги ва ўрта асрларга тегишли ёзма ёдгорликлар, тарихий манбашунослик ва тарихнавислик, этноижтимоий ва этномаданий муаммолар, ёзма манбалар асосида Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг тарихини ўрганиш ва илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришга эътибор қаратилади.
Илк ва ўрта асрларда юртимизда яратилган ниҳоятда улкан илмий, фалсафий, диний, маърифий адабиётнинг мавжудлиги, диний ҳамда маънавий қадриятларимизнинг умумийлиги Жанубий Осиё халқларини доимо қизиқтириб келган. Айниқса, Покистон, Афғонистон, Ҳиндистон, умуман, мусулмон Шарқ минтақаси учун улуғ аждодларимиз ва қадим шаҳарларимиз - Бухоро, Самарқанд, Хива, Шош, Насаф, Кеш, Термиз билан боғлиқ илмий лойиҳаларни кучайтириш ҳамда уларни бренд сифатида тақдим этишга имоният юзага келади. Бунинг учун ҳам катта шарқшунослик билими керак. Айни йўналиш билан боғлиқ илмий мавзуларга ҳам эътибор қаратилади.
Ўзбекистон учун жанубдаги қўшниларимиз Афғонистон ва Покистон бўйича алоҳида илмий лойиҳалар муҳим ҳисобланади. Бу давлатлар ва Марказий Осиё қадимда ягона ижтимоий, сиёсий бирлашма сифатида (Кушонлар, Эфталитлар, Ғазнавийлар, Темурийлар) тараққий этиб келганлиги, асосий маърифий, илмий, фалсафий ғоялар икки дарё оралиғи – Мовароуннаҳрдан борганлиги, диний қадриятлар умумийлиги, уларнинг турмуш тарзига Нақшбандия тариқатининг таъсири сингари мавзуларда тадқиқот ишлари кучайтирилади.
Жанубий Осиёнинг энг муҳим давлатларидан бири Ҳиндистон йўналишида ҳам устувор илмий ишларни олиб бориш эътиборга молик масала. Бу мамлакат бўйича қадимги давлатларимиз – кушонлар, эфталитлар, ғазнавийлар, Деҳлий султонлиги, тулунийлар, темурийлар, бобурийлар ҳамда буддавийлик инончи билан боғлиқ ҳинд мутахассисларининг ҳам қизиқишига сабаб бўладиган илмий тадқиқот ишлари эътиборга олинади.
Давлатлар билан олиб борилаётган кенг миқёсдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, таълим, маданий, илмий алоқаларимизни йўлга қўядиган, қўлга оладиган шарқшунос – марказий осиёшунос кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш ишига ҳам катта эътибор қаратилади.
Умуман, мамлакатимиз кўп қиррали ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири - Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси давлатлари билан олиб борилаётган ва келгусида режалаштирилаётган кенг миқёсдаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, таълим, маданий, илмий алоқаларимизни йўлга қўядиган, қўлга оладиган шарқшунос кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш ишига ушбу нуфузли анжуман натижалари замин бўлади.
Қудратулла Омонов,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети проректори,
филология фанлари доктори,
профессор