Ноёб ўсимликларни асраш бўйича экспедиция ўтказилди
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти ходимларидан иборат жамоа томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Тепарсой дарасида илмий экспедиция ўтказилди.
Денгиз сатҳидан 1450 метр баландликда жойлашган майдонда амалга оширилган экспедиция давомида ҳозирги кунда кўплаб қизиқишларга сабаб бўлаётган ноёб ёввойи қизил гожи, бутасимон дала зирки ҳамда кўплаб доривор, қадимий ва ёввойи ўсимлик турлари йиғиб келинди.

Мазкур экспедиция мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ўсимлик хилма-хиллигини асраш ва генетик ресурсларни келажак авлодлар учун сақлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, намуналар Миллий генбанк коллекциясини бойитиш, доривор ҳамда маданий ўсимликларнинг нав ва ёввойи турларини сақлаш мақсадида тўпланди.


Ўсимлик намуналари кейинчалик таҳлил қилиниб, сақлаш ва селекция ишларида фойдаланиш учун Генбанк коллекциясига киритилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА