Юқори технологияли металлургия тармоғини ривожлантириш ва муҳим минераллардан самарали фойдаланиш бугунги кунда Ўзбекистон саноати олдида турган энг устувор вазифалардан биридир.
Мамлакатимизда мавжуд вольфрам, молибден каби стратегик аҳамиятга эга металлар захираларини илғор технологиялар асосида қайта ишлаш, шунингдек, саноатда юзага келадиган техноген чиқиндилардан ноёб элементларни ажратиб олиш имкониятларини кенгайтириш иқтисодий ўсиш ва экспорт салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шерикликда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва янги истиқболли йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилмоқда.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг “Posco International” компанияси вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда мазкур йўналишлар бўйича томонлар ҳамкорлиги амалий аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ноёб металлардан самарали фойдаланиш мамлакат саноат салоҳиятини ошириш ва глобал бозорда рақобатдошлигини кучайтиришга хизмат қилади. Шу сабабли, учрашувда Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ташкил этиладиган вольфрам ва молибден кластерларида юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги саноат техноген чиқиндиларидан ноёб металларни ажратиб олиш бўйича “Posco” технологияларини жорий қилиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида икки томон ҳамкорлик йўналишларини белгилаб берувчи англашув меморандумини имзолашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА