Хитойнинг Японияга ноёб ер магнитлари экспорти ўтган йил декабрь ойида 8 фоиз қисқарди. Сабаб техник эмас, сиёсий. "Reuters" ёзишича, дипломатик таранглик бозорга дарҳол таъсир қилди ва Пекиннинг январдан бошлаб “икки мақсадли” маҳсулотларга қўйган тақиқи хавотирни янада кучайтирган.
Рақамларга мурожаат қиламиз: 2025 йилнинг охирги ойида кун чиқар юрт Чин мамлакатидан 280 тонна магнит олди, ноябрда эса бу кўрсаткич 305 тонна эди. Шунга қарамай, йиллик нисбатда етказиб бериш 31 фоиздан кўпроқ ошган. Таҳлилчилар бу вазиятни Токио эҳтиёт чораси сифатида олдиндан кўпроқ харид қилгани билан изоҳлади.
Энди савдо миқдори кескин камайиши кутиляпти. Сабаб аниқ: ҳарбий мақсадда қўлланиши мумкин бўлган маҳсулотларга тақиқ. Бу қарор Япония Бош вазири Санаэ Такаитининг Тайвань масаласидаги кескин баёнотидан кейин қабул қилинди.
АҚШ ҳам истисно эмас. Ўтган йил сўнгида ХХРдан магнит экспорти 3 фоиз камайиб, умумий етказиб бериш 20 фоиздан кўпроқ қисқарди. Пекин ва Вашингтон ўртасидаги юқори даражадаги музокаралардан кейингина вазият бироз юмшади.
Хулоса шуки, ноёб ер магнитлари энди шунчаки саноат хом ашёси эмас, балки геосиёсий босим воситасига айланди. Бозор эса ҳар қандай сиёсий баёнотни дарҳол рақамга айлантирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА