Ноёб балиқларни овлаганлар қўлга тушди
Она табиатни унинг ҳайвонот ва наботот дунёсини асраш барчамизнинг бурчимиз.
Она табиатни унинг ҳайвонот ва наботот дунёсини асраш барчамизнинг бурчимиз. Яхшиямки бу борада мустаҳкам қонунларимиз бор. Йўқса, худбин кимсалар аллақачон ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига қирон келтириб юборган бўларди.
Жорий йилнинг 1 апрель куни Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани Қорабоғ қишлоғида яшовчи Н.Б, О.Б ва У.Н лар балиқ ушлаш ва ноёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартибини бузишгани ҳақида Муборак тумани ИИБга хабар келиб тушган.
Маълум бўлишича, улар ўзлари билан олиб борган тўрлардан ов қуроли сифатида фойдаланиб, 2020 йил 31 март куни соат 06:00 лар чамасида Муборак тумани Янгиқорақум қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи зовур (коллектор)да Ўзбекистон Республикасининг “Қизилкитоби”га киритилган 23 дона 35 миллион 903 минг сўмлик “Туркистон мўйловдори” ва 23 дона 7 миллион 225 минг 200 сўмлик “Самарқанд храмуля” зотли ноёб балиқларни овлашган ва ҳайвонот дунёсига зарар етказишган. Етказилган зарар эса 43 миллион 128 минг 200 сўмга баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ тергов бўлими томонидан Н.У. ва бошқаларга нисбатан Ўз.РЖКнинг 202-м 3-қ “ж” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.