Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ноябрь ойида бизни қандай нуфузли спорт мусобақалари кутмоқда?
11:37 / 2023-11-01

Ҳафтанинг бирон бир куни йўқки, дунё миқёсида қайсидир спорт тури бўйича нуфузли мусобақалар ва чемпионатлар ўтказилмаса. Бошланаётган ноябрь ойи ҳам бундан мустасно эмас.

Хўш, ноябрь ойида мамлакатимизда қайси спорт турлари бўйича нуфузли мусобақалар бўлиб ўтади, спорт ишқибозлари айнан қайси спорт турлари бўйича юртимизда кечадиган чемпионат ва турнирларга гувоҳ бўлади?

Келинг, шу ҳақда батафсил сўз юритамиз. Ноябрнинг биринчи ўн кунлигида, аниқроғи, 6-12 ноябрь кунлари Тошкентда гандбол бўйича U-18, U-20 қизлар ўртасида ўтадиган халқаро “Трофи” кубогининг Осиё босқичи баҳсларида Ҳиндистон, Бангладеш, Гонконг ва Ўзбекистон жамоалари ғолиблик учун кураш олиб боради.

Шунингдек, 12-17 ноябрь кунлари пойтахтимизда Бутунжаҳон бокс иттифоқи бўлган WВC ташкилотининг тарихий 61-конвенцияси илк бор мамлакатимизда ўтказилади.

Айтиш лозим, жаҳон профессионал бокс оламида ўз ўрнига эга бўлган WВCнинг бундай миқёсдаги йиғилиши Марказий Осиё мамлакатларида ҳали бирон марта ўтказилмаган эди.

WВCнинг 61-конвенциясига кимлар келади?

Шу маънода, штаб-квартираси Мексикада жойлашган Бутунжаҳон бокс иттифоқининг тарихий йиғини пойтахтимизда ташкил этилаётгани, мазкур конвенцияда WВC тизимидаги бир қатор масалалар, муҳим қарорлар Тошкентда қабул қилиниши ўзига хос аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Дунё профессионал боксининг Тайсон, Холифилд каби ўнлаб афсоналарини Ўзбекистонда жам этаётган анжуманда дунёнинг 150 га яқин давлатларидан фахрий меҳмонлар, миллий профессионал бокс федерацияларнинг раҳбарлари, таниқли промуотерлар иштирок этиши юртимизнинг халқаро спорт обрўйини жаҳон ҳамжамиятига ёйиши билан аҳамият касб этади. 

Мазкур конвенция йиғилиши доирасида Тошкентдаги “Ҳумо-арена” мажмуасида катта профессионал бокс мусобақалари ўтказилиши, унда истеъдодли чарм қўлқоп усталаримиз Баҳодир Жалолов, Абдумалик Халаков, Қудратилла Абдуқаҳҳоров, Миразизбек Мирзахалилов билан биргаликда хорижий мамлакатларнинг таниқли боксчилари рингга кўтарилади.

Бошқача айтганда мамлакатимиз 12-17 ноябрь кунлари дунёнинг бугунги ва кечаги бокс қиролларини бир даврага жам этади. 

Шунингдек, 16-19 ноябрь кунлари Осиёнинг энг кучли ёш дзюдочилари ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги қитъа чемпионлиги учун Тошкент татамиларида беллашиши ҳам ноябрь ойидаги энг катта спорт тадбирлари сифатида кўпнинг эътиборини тортиши тайин.

“Янги нафас” аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлашда оммавий спорт тадбирларининг аҳамияти беқиёс. 19 ноябрь куни Давлатимиз байроғи қабул қилинган санага бағишлаб мамлакатимизнинг 16 та шаҳрида бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда ўтказиладиган “Янги Нафас” югуриш мусобақалари ҳам айни ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлмоқда.

Аҳолини соғлом турмуш тарзи билан қамраб олишда муҳим аҳамият касб этадиган мазкур югуриш мусобақалари юртимиздаги минг-минглаб инсонларни бир мақсад атрофида бирлаштириб, соғлом турмуш тарзига ошно тутинишга чорлаш билан маҳоратли спортчиларни саралаш, югуриш мусобақаларининг тизимли ташкил этиш кўникмасини шакллантиришга ёрдам беради, албатта. Зотан, бугунги кунда дунёнинг бир қатор мамлакатларида марафонлар, оммавий югуриш тадбирларини ўтказиш одат тусига кирганки, бу ҳолатнинг Ўзбекистонда оммалашиши халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил саналади.

Футбол завқи ва “омад об-ҳавоси” аниқланадиган кун

21 ноябрь санаси футбол бўйича Ўзбекистон-Эрон миллий терма жамоаларининг 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашида рўбарў келадиган кун сифатида кутилаётган муҳим учрашувлардан бири ҳисобланиб, бу, барчамиз орзиқиб кутаётган баҳсларнинг энг муҳимларидан яна биридир. Тошкентда бўладиган мазкур баҳс терма жамоамиз учун жаҳон чемпионати довонида кутилаётган асосий ўйинлардан бири бўлиши шубҳасиз. Ўзбекистон-Эрон учрашуви мухлисларга катта футбол завқини тортиқ этиши асносида терма жамоамиздаги “омадлилик об-ҳавосини” белгилашда, мураббийларнинг техник-тактик имкониятлари қай даражада эканини яна бир карра кўрсатиб беради.

19-24 ноябрь кунлари дунё қиличбозлари мамлакатимиз пойтахтида жаҳон кубоги беллашувларида кураш олиб борса, регби-7 бўйича Марказий Осиё мамлакатлари терма жамоалари айнан Тошкентда 25-26 ноябрь кунлари Марказий Осиё чемпионатида майдонга тушади.

27-30 ноябрь кунлари таэквондо ва паратаэквондо бўйича “G2" даражасидаги “Uzbekistan Open” халқаро турнири узоқ яқин хориж спортчиларини пойтахтимизга чорлаётган катта таэквондо мусобақаларидан яна бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, ушбу ой давомида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати, кураш бўйича ўтказиладиган халқаро мусобақалар, оғир атлетика, жанг санъатлари ва бошқа қатор спорт турлари бўйича ташкил этиладиган биринчилик ва турнирлар янги-янги чемпионларни кашф этиши билан аҳамиятли спорт тадбирлари сирасига киради. Ушбу спорт мусобақалари, тадбирлар юзлаб ёшларга катта спорт ҳаяжонини тортиқ этиши, жонажон Ватанимизнинг халқаро спорт майдонидаги қудратини кўз-кўз этиши, юртимизга турли мамлакатлардан минг-минглаб спортчилар, спорт мутахассислари келиши ва бу орқали спорт туризми равнақ топиши билан аҳамиятлидир.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА