Ёшлар пресс клубида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Олий ва ўрта-махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Муаммо, ечим, натижа” мавзуидаги телетанлов ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилди.
Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган мазкур танловдан кўзлаган мақсад, ёшлар ўртасида нутқ маданиятини ошириш, адабий тил ва унинг нормаларига риоя қилинишини тарғиб қилиш, шунингдек, адабий тил бойликлари ва воситаларидан мақсадга мувофиқ, шароит ва услуб тақозосига кўра ўринли фойдалана олиш кўникмасини беришга қаратилган.
[gallery-4494]
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 15 июлидан 10 августига қадар 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардан @нотиқ_мотивационбот орқали аризалар қабул қилинди. Талабгорлар ариза топшириш баробарида эркин мавзуда тайёрлаган 1 дақиқалик видеороликлар ҳам юборди. Шунга кўра, танлов экспертлари томонидан юборилган ведеороликлар кўриб чиқилиб, навбатдаги босқичда иштирок этувчилар аниқланди.
Иштирокчиларнинг “Она тилим – фахрим” мавзусида 2 дақиқалик нутқи акс этган видеолари кўриб чиқилиб, уларнинг 20 нафарига республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма берилди.
Иштирокчиларнинг якуний босқич учун юборган видеоларини ҳакамлар ҳайъати аъзолари белгиланган мезонлар асосида баҳолашди. Унга кўра, берилган мавзунинг очиб берилиши, нутқдаги сўзларнинг бир-бири билан мантиқий боғланганлиги, фикрни етказиб бериш маҳорати, нотиқнинг ташқи кўриниши ва энг асосийси, адабий тил нормаларига амал қилиниши инобатга олинди.
Танлов натижасига кўра, 10 нафар ёшлар ғолиб топилди. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари ҳамда китоблар тўплами топширилди.
Гулноза Бобоева, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА