Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 январдаги "Заковат" интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида идора ва ташкилотларда интеллектуал тадбирлар ўтказилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад ходимларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилишдир.
Қарор ижроси юзасидан Ўзбекистон Нотариал палатаси ташаббуси билан нотариусларнинг билим ва салоҳияти даражасини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида “Заковат” интеллектуал турнири ташкил этилди.
Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров тадбирни очар экан, Президент қарори асосида ўтказилаётган "Заковат" интеллектуал ўйини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлангани юртдошларимизнинг билим ва салоҳиятини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тадбирда ҳудудларда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг 14 жамоаси иштирок этди.
Турнирни очиқ ва шаффоф ўтказиш, жамоаларни кузатиб туриш мақсадида “Заковат интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилотидан вакиллар таклиф этилди.
Нотариал ҳаракатлар ҳамда турли соҳаларга оид қизиқарли саволларга жавоб берган жамоалар кейинги турларда иштирок этиб, курашни давом эттирди.

Энг кўп балл тўплаган Сирдарё вилояти нотариуслари жамоаси турнир ғолиби бўлди. Сурхондарё вилояти нотариуслари иккинчи, Жиззах вилоят нотариуслари учинчи ўринни эгаллади.
Н.Абдураимова, ЎзА