Жиззах вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан коммунал қарздорликларни ундириш амалиётини такомиллаштириш ҳамда нотариат институтида жорий этилаётган янги тартиблар мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди. Тадбир ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга хизмат қилган очиқ мулоқот майдони бўлди.
Унда вилоят прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси, коммунал соҳа мутасаддилари, бошқарув сервис компаниялари, судьялар ва нотариуслар иштирок этди. Мутахассислар янги механизмларнинг ҳуқуқий асослари, уларни амалиётга татбиқ этиш тартиби ҳамда идоралараро ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2026 йил 13 январдаги буйруғи билан “Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича қарз ундириш жараёнини соддалаштириш, судлар юкламасини камайтириш ва фуқаролар учун ҳуқуқий қулайлик яратишга қаратилган.
Статистик маълумотлар масаланинг нақадар долзарб эканини кўрсатади: 2025 йилда Жиззах вилояти судлари томонидан коммунал қарздорликлар юзасидан 10 минг 145 та, умумий қиймати 26 миллиард 877 миллион сўмлик ариза кўриб чиқилган. Шунингдек, бошқарув сервис компанияларининг мажбурий тўловларга доир 2756 та, 2 миллиард 365 миллион сўмлик талаблари ҳам суд тартибида ҳал этилган. Бу рақамлар соҳадаги юклама кўламини ва тартиб-таомилларни такомиллаштириш эҳтиёжини яққол намоён этади.
Давлат раҳбарининг 2025 йил 9 сентябрдаги “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлган айрим низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари расмийлаштирилади.
[gallery-27768]
Янги тартиб нотариал тасдиқланган битимлардан келиб чиқадиган талаблар, қарздор мажбуриятлари таъминоти бўлган мол-мулкка ундирув қаратиш, шунингдек ижара, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликларни судгача бўлган босқичда ҳал этиш имконини беради. Бу эса ҳуқуқий жараёнларнинг тезкорлиги, очиқлиги ва самарадорлигини таъминлайди.
Шу билан бирга, ижро хатларини электрон ҳужжат шаклида расмийлаштириш ва уларни Мажбурий ижро бюроси органларига электрон ҳужжат айланиш тизими орқали юбориш амалиёти жорий этилади. Бу чора рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттиришга хизмат қилади.
Семинар якунида қарорларни амалиётга тўғри ва самарали татбиқ этиш, эҳтимолий тушунмовчиликларнинг олдини олиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари