Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нотариат хизматларидаги янгиланишлар аҳоли манфаатларига хизмат қилмоқда
14:53 / 2026-01-28

Юртимизда нотариат тизими нафақат юридик амалиётнинг ажралмас қисми, балки жамиятимиздаги барча қатламларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи, шунингдек, низоларнинг олдини олишга хизмат қиладиган ягона ҳуқуқий институт сифатида тан олинган. Нотариуснинг асосий вазифаси низолар юзага келишини аввалдан аниқлаш ва тарафлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашдир. Иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой ва меҳнат муносабатларида нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар кўпинча суд жараёнларининг олдини олади, бу эса тизимнинг превентив одил судлов мақомига эга эканлигини тасдиқлайди.

Бугун нотариат тизимида янгиликлар бисёр. Нотариат соҳасининг рақамлаштирилгани нотариуслар учун катта қулайликлар яратмоқда. “е-notarius.uz” ахборот тизимининг ишга туширилгани туфайли ортиқча оворагарчиликлар, бюрократик тўсиқлар барҳам топди. 

Бу тизим орқали нотариал ҳаракатлар учун тўловларни автоматик тарзда ҳисоблаш ва электрон тўловларни ўтказиш, уларни тасдиқловчи хабарлар юбориш ҳамда идоралараро электрон ахборот алмашиш йўлга қўйилди. Нотариал ҳаракатларнинг ахборот тизимида мажбурий қайд этилиши ва ҳужжатга такрорланмайдиган махсус рақам берилиши суиистеъмолчиликларнинг олдини олмоқда. Ҳатто уйдан туриб нотариусларга онлайн навбат олиш имкони бор. 

Мен Учқудуқ туманида хусусий амалиёт билан шуғулланаман. Ҳудудда олис овулларда яшайдиган фуқаролар ҳам бор. Шу боисдан навбатларнинг олдини олиш учун фуқаролар нотариус ҳузурига келишдан олдин онлайн навбатга ёзилишни одат қилмоқда. Бу аҳоли учун жуда қулай. Энг муҳими, қоғозбозликка чек қўйилгани одамлар учун ҳам, нотариус учун ҳам катта қулайлик яратди. 

Ҳозирги кунда “е-notarius.uz” ахборот тизими 15 дан ортиқ давлат идоралари билан интеграция қилинган. Бу нотариусларнинг фуқароларга “Ягона дарча” тамойили асосида хизмат қилишига имконият яратди.

Бугун бу жараён нотариат тизимининг самарадорлиги оширмоқда, рақамли технологияларнинг жорий этилиши эса нотариал хизматларнинг шаффофлигини, оммабоплигини таъминлаш билан бир қаторда улардан фойдаланиш имкониятини енгиллаштиришга хизмат қилмоқда. Аниқроғи нотариуснинг иши анча осонлашди. Шу ўринда битта қулайлик ва янгилик ҳақида гапирмоқчиман. 

Аҳолига қулайликнинг энг очиқ мисоли – нотариал ҳаракатларнинг соддалаштирилиши. Масалан, энди автомашинани сотиш жараёнида турмуш ўртоғингиздан розилик аризасини олиш учун нотариал идорага бориш шарт эмас: буни дунёда исталган жойдан расмий равишда амалга оширса бўлади. Розилик берувчи “е-notarius.uz” ахборот порталида “Эр-хотин умумий тасарруфидаги мол-мулкни тасарруф этишга розилик”ни танлайди, ўзининг шахсига оид маълумотларни киритади ва нотариал ҳаракатни яратади. Эр ёки хотин қайси автомашинани сотишга розилик бераётганини киритади. Порталдан ихтиёрий нотариус танланади. Нотариус нотариал ҳаракатни расмийлаштиришга қабул қилиб, вақтни белгилайди ва тарафларнинг мобиль телефонига СМС-хабарнома юборилади. Белгиланган вақтда нотариус тарафлар иштирокида видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатни расмийлаштиради. Сиз ушбу нотариал ҳаракатни уйингиздан ёки иш жойингиздан чиқмаган ҳолда компьютер ёки мобиль телефонингиз орқали 15 дақиқада расмийлаштиришингиз мумкин.

Энди янгилик ҳақида. 

Бу хабар фермерларни қувонтириши бор гап. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ижара ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш имконияти яратилди. Эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни электрон онлайн-аукцион воситасида олиш мумкин. Олдин ерни бошқа шахсга ўтказиш мумкин эмас эди, яъни ер давлат тасарруфидаги давлат мулки сифатида қаралган, уни бошқа шахсга ўтказиш учун фермер ерни топшириши керак бўлган. 

Энди эса бошқа шахсга ўтказишда нафақат сотиш, балки ҳадя қилиш, айирбошлаш, умуман текинга бериш мумкин. Бу босқичлар механизми Президентимизнинг 2024 йил 18 январдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган. Унга кўра, сотиш, бошқа шахсга ўтказиш жуда осон ва ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз, мураккаб жараёнларсиз амалга оширилади. 

Ким сотмоқчи ёки олмоқчи бўлса, ўзаро келишув қилиб, нотариусда тасдиқланган битим орқали бошқа шахсга ўтказиши мумкин. 

Асосий мақсад – мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ муносабатларни расмийлаштиришда низоларнинг олдини олиш, инсон манфаатлари йўлида нотариуслик касби салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳанинг ривожига ўз ҳиссасини қўшишдир. Бу эса Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият қуриш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

Элбек Муҳитдинов,

Учқудуқ туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

ЎзА