Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нотариал соҳасида қонунийлик, тартиб ва ҳалол хизмат кўрсатиш қарор топди
10:42 / 2022-01-24

Қонунийлик, тартиб ва ҳалол хизмат кўрсатиш нотариат соҳасида қарор топади, дейишса, уч-тўрт йил аввал ишониш қийин эди. Чунки коррупция ва бюрократия илдиз отиб кетган бу соҳани тозалаш имконсиздек туюларди.

Бугун эса ушбу тизимдаги ўзгаришларни нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик ҳам эътироф этмоқда.

2020 йил 1 январдан Ўзбекистонда хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилди. “Нотариус” ахборот тизими ишга туширилди. Ҳозирги кунда нотариал ҳаракатлар учун тўловларни автоматик тарзда ҳисоблаш ва электрон тўловларни ўтказиш, уларни тасдиқловчи хабарлар юбориш ҳамда идоралараро электрон ахборот алмашиш йўлга қўйилди.

Нотариал ҳаракатларнинг ахборот тизимида мажбурий қайд этилиши ва ҳужжатга такрорланмайдиган махсус рақам берилиши суиистеъмолчиликларнинг олдини олмоқда.

Бундай муҳим амалий қадамлар натижасида аҳолига нотариал хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди, соҳада қонунийлик таъминланиши даражаси кескин ошди. Ўз навбатида, аҳолининг ҳам нотариуслардан норозилик кайфияти барҳам топди.

Соҳадаги ишларни сифат жиҳатдан яхшилаб бориш учун халқаро алоқалар ривожлантирилиб, энг илғор хорижий тажрибалар амалиётга татбиқ этилмоқда.

Бор-йўғи икки йилда амалга оширилган ишлар мамлакатимиз нотариуслари фаолияти, хусусан, уларни бирлаштириб турган Ўзбекистон нотариал палатасини халқаро миқёсда эътироф этилишига ҳам сабаб бўлди. Бунинг амалий натижасини Ўзбекистон Нотариал палатасининг Бутунжаҳон Нотариуслар иттифоқига қабул қилингани ҳам тасдиқлайди. Ваҳоланки, бу нуфузли ташкилотга йиллар мобайнида аъзо бўла олмаётган мамлакатлар ҳам бор.

Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилганлигининг икки йиллиги муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров бугунги кунда палатага хусусий амалиёт билан шуғулланувчи 892 нафар нотариус аъзо бўлганини қайд этди. Палата 5 та хориж нотариат ташкилоти ҳамда 10 та маҳаллий ҳамкорлик меморандумлари имзолади. Аҳолига ҳар томонлама қулайликлар яратиш, кўрсатилаётган нотариал ҳаракатларнинг сифатини ошириш ҳамда ягона амалиётни жорий қилиш бўйича салмоқли натижаларга эришилди. Меморандумлар доирасида мингга яқин ҳамкорликдаги ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

2021 йил давомида нотариуслар томонидан кўчмас мулк билан боғлиқ 305 минг 933 та шартномалар расмийлаштирилди.

Шундан квартирани, уйни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича 228 минг 62 олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган. 54 минг 369 та ҳадя шартномаси, 262 та айирбошлаш шартномаси рўйхатдан ўтказилган.

26 та корхона олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш бўйича шартнома, 23 минг 77 та нотурар жой олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш бўйича шартнома, фуқаро ҳаётлиги давомида қараб туриш бўйича 142 шартнома расмийлаштирилган.

Автомашина олди-сотди шартномаси сони 449 минг 762 тани ташкил қилган бўлса, 17 минг 991 ҳадя шартномаси, 72 та айирбошлаш шартномаси расмийлаштирилган. 105 минг 365 та автомототранспортни ижарага бериш бўйича ижара шартномаси расмийлаштирилган.

Барча турдаги ишончномалар сони 961 минг 238 тани, шундан автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича яқин қариндошларга 16 минг 376, бегона шахсларга 188 минг 586 тани, автомототранспорт воситаларини тассарруф этиш ҳуқуқи билан яқин қариндошларга 8 минг 623 тани, бегона шахсларга - 470 минг 454 тани ташкил этди.

Рақамлар таҳлили бўйича ярим йил давомида бир нафар нотариус ўртача 4 минг 964 та нотариал ҳаракатларни амалга оширган.

Нотариуслар фаолияти қандай назорат қилинмоқда? Биринчидан, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан ҳар бир нотариуснинг ҳар бир ҳаракати кўриниб туради ва адлия вазирлиги томонидан назорат қилинади.

Бундан ташқари, Нотариал палатанинг Телеграм мессенжеридаги “Нотариус маслаҳати чат” мулоқот тармоғи орқали фуқаролар учун 24 соат давомида нотариусларнинг хатти-ҳаракати бўйича мурожаатлар ва нотариал ҳаракатлар юзасидан саволлар бериш имконияти яратилган. Ҳар бир мурожаат ва саволлар жавобсиз қолмаяпди.

Анжуман савол ва жавобларга бой бўлди. Анжуман сўнггида Нотариал палата билан яқиндан ҳамкорлик қилган журналистлар ва блогерларга Палатанинг эсдалик совғалари топширилди.
 

Н.Абдураимова, ЎзА