Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ностандарт иситиш печидан фойдаланган икки фуқаро термик куйиш билан шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб келинган
15:59 / 2024-01-24

АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев бугун тонгги соат 04:05 да Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Нурфахр маҳалласида ностандарт иситиш печига қўлбола газ сўрғичдан резина шланг орқали табиий газдан фойдаланилиши туфайли чақнаш содир бўлганини маълум қилди. Бу ҳолат сабабли икки нафар фуқаро термик куйиш билан шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб келинган.

Тадбирда қайд этилганидек, мутасадди идораларнинг огоҳлантиришларига қарамай, фуқароларимиз томонидан ностандарт ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ускуналардан фойдаланилиши оқибатида баъзан нохуш ҳолатлар рўй бермоқда.  

–Истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишлари сўралади, –деди Ҳ.Тошхўжаев. – Шунингдек, жорий йилнинг 23 январь куни мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 5 та, газ таъминотида юзага келган 4 та носозлик бартараф қилинди. Хусусан,  Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги “Гала-Осиё”, “Работак”, “Истиқбол”, “Саховат”, “Боғи Калон”, “Янги Турмуш” ва “Кавола Маҳмуд” маҳалла фуқаролар йиғинларини табиий газ билан таъминловчи, диаметри 219 ҳамда 159 мм бўлган ўрта босимли газ қувурларини таъмирлаш мақсадида 9 минг 440 та аҳоли хонадонининг табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган эди. Таъмирлаш ишлари якунлангач, газ таъминоти босқичма-босқич қайта тикланди.  

Таъкидланишича, бугун тунги соат 00:25 да Тошкент шаҳридаги “Ҳидоятова-1” ҳамда “Ўқувчи-3” фидерлари авариявий ўчиб, Шайхонтоҳур туманининг Навоий кўчасидаги 550 та истеъмолчи электр таъминотида узилиш кузатилди. Мазкур носозлик тўлиқ бартараф қилиниб, электр таъминоти қайта тикланди.  

Эслатиб ўтамиз, кеча тизим корхоналари томонидан 250 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Истеъмолчиларга 236,3 миллион киловатт соат электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 151,8 миллион метр кубни ташкил этди.  

Н.Зиёдуллаева, ЎзА