Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарлари мезбонлик қилаётган XXV қишки Олимпия ўйинлари доирасида шорт-трек бўйича беллашувлар ташкил этилди. Унда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Даниил Эйбог ўз иштирокини якунлади.
Спортчимиз 500 метр масофада бўлиб ўтган чорак финал баҳсида маррага бешинчи бўлиб етиб келди. Юқори тезлик ва кескин рақобат остида кечган беллашувда мазкур натижа ярим финалга чиқиш учун етарли бўлмади.

Олимпия ўйинларида ҳозиргача Норвегия делегацияси 15 та олтин, 8 та кумуш ва 10 та бронза, жами 33 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи бўлиб турибди. Уларни мезбон спортчилар 9 та олтин, 5 та кумуш ва 12 та бронза билан таъқиб этаётган бўлса, кучли учликни 7 та олтин, 11 та кумуш ва 6 та бронза медаль тўплаган АҚШ делегацияси якунлаб бермоқда.
Шунингдек, Франция (6–7–4), Нидерландия (6–7–2), Швеция (6–6–3), Германия, (5–8–8), Австрия (5–8–4), Япония (5–6–11) ва Швейцария (5–4–3 ) делегациялари 4-10 поғоналарни банд этган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА