Экологик вазиятни яхшилаш, шу жумладан, сув объектларини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, тошқин ва сел ҳодисаларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш муҳим масалалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси билан ҳамкорликда бу борада бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Зиёда АҲМEДОВА ЎзА мухбирига айни йўналишдаги ишлар ҳақида интервью берди.
– Президентимизнинг 2017 йил 25 сентябрдаги «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги «Дарё ўзанларини тозалаш ишларига тадбиркорлик субъектларини электрон-аукцион орқали жалб қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида инспекция томонидан республика ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанлари ва қирғоқ бўйларида қум-шағал аралашмаси қазиб олувчи ва қайта ишловчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганиш юзасидан мониторинг ўтказилди.
Мазкур мониторинг самарали бажарилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ қўмитаси, «Хавфсиз дарё» ДУК, Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ва маркшейдерлик мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Шунингдек, ишни самарали ташкил этиш мақсадида дарё ўзанлари ва қирғоқ бўйида жойлашган, фойдаланишга берилган ер қаъри участкаларининг (чегаралари кўрсатилган) схематик харитаси тузилиб, ушбу харита асосида ер қаъридан фойдаланувчилар рўйхати шакллантирилди. Айни пайтда ишчи гуруҳ мазкур харита асосида назорат ишларини давом эттирмоқда.
– Назорат тадбирлар доирасида нечта ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди?
– Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги «Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида Бош прокуратура ҳамда Давлат геология қўмитаси ҳамкорлигида чора-тадбирлар режаси тасдиқланган эди.
Мазкур режага мувофиқ ташкил этилган тадбирлар натижасига кўра, 2020 йилда 157 нафар жисмоний ва юридик шахс томонидан 3363,8 минг куб метр 7 турдаги норуда фойдали қазилмалар ноқонуний қазиб олинган ва давлатга 70,1 миллиард сўм зарар етказилган.
Ноқонуний ҳолатларни ҳудудлар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, Андижон вилоятида 11 та, Наманган вилоятида 4 та, Фарғона вилоятида 16 та, Тошкент вилоятида 30 та, Жиззах вилоятида 9 та, Самарқанд вилоятида 29 та, Навоий вилоятида 11 та, Бухоро вилоятида 3 та, Қашқадарё вилоятида 30 та, Сурхондарё вилоятида 8 та ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 6 та ана шундай ҳолат аниқланган.
– Айрим тадбиркорлик субъектлари ҳам ноқонуний норуда фойдали қазилмаларни қазиб олаётгани ҳақида тўхталиб ўтдингиз. Ўтган йилда нечта ана шундан ҳолатлар вилоят прокуратураларига қонуний баҳо бериш учун юборилди?
– Биргина 2020 йил давомида республика ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанлари ҳамда қирғоқ бўйида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи 36 тадбиркорлик субъектида назорат тадбирлари ўтказилди. Уларнинг 22 тасида тегишли рухсатномалар расмийлаштирмасдан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳолати аниқланди.
Дарё ўзанлари ҳамда қирғоқ бўйида норуда фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш натижасида етказилган зарарни ундириш мақсадида барча тўпланган материаллар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг вилоятлар бошқармаларига қонуний баҳо бериш учун юборилди.
– Бугунги кунда қўмита томонидан норуда фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган яна қандай чоралар кўрилмоқда? Тушунтириш ва тарғибот тадбирларини ташкил этишда қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда?
– Қўмита юқорида қайд этилган қарорлар ижросини таъминлаш баробарида ушбу йўналишда фаолият юритаётган жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бунда норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида қонуний жазо чоралари қўлланилиши муқаррарлиги таъкидланмоқда.
Шунингдек, «Ўзбекистон 24», “UzPeport TV” телеканаллари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ҳамда маҳаллий телерадиокомпанияларнинг информацион дастурлари орқали кенг жамоатчиликка бу борада тушунча ва ҳуқуқий тартиб-тамойиллар ҳақида маълумот берилмоқда.
Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг назорат ишларини янада кучайтириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини жалб этган ҳолда, норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатларини чеклаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ҳамкорликда фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан назорат тадбирларини давом эттирмоқда.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.