Бугун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бижарувчи Владимир Норов “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқот форматининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан учрашди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Туркия муносабати икки мамлакат раҳбарларининг қатъияти ва ишончли мулоқоти туфайли юксак ўсиш суръатини намоён этиб, янги амалий мазмун билан бойиб бораётгани таъкидланди.
Савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш, маданий-гуманитар ва туризм алмашинувини кенгайтириш юзасидан олий даражада эрилишилган келишувлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Туркия халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди, томонлар ўзаро шерикликни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдорлиги маъқулланди.
Дунёдаги ва минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Туркия делегацияси Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича бўлиб ўтган конференция натижасини юқори баҳолади. Афғонистон йўналишидаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштиришни давом эттириш, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишга хайрихоҳлик билдирилди.
Мавлуд Чавушўғли Тошкент шаҳрида ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалалари учун масъул вазирликлар раҳбарлари иштирокида “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқотининг биринчи йиғилишини ўтказиш муҳим аҳамият касб этишини айтди.
Икки ва кўп томонлама турли даражадаги тадбирлар, жумладан, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарликнинг ташкилий жиҳати ҳам кўриб чиқилди.
[gallery-8118]
Б.Худойбердиев,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА