"Норманд" формати сиёсий маслаҳатчиларининг бу галги бевосита мулоқоти 25 январь куни Франция пойтахти Парижда ўтказилиши белгиланди.
«РИА Новости» РФ президенти администрациясидаги манбага таяниб хабар қилишича, мазкур учрашувда Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Дмитрий Козак ҳам иштирок этади.
Дарвоқе, жорий йил 19 январь куни ушбу сиёсатчи мамлакатимизга амалий ташриф билан келиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлганди.
"Норманд" формати сиёсий маслаҳатчилари 25 январь куни Парижда юзма-юз кўришишади, бу ҳақда олдинроқ, 6 январда келишилган", - деди манба.
Аввалроқ Германия ТИВ расмий вакили Андреа Зассе Берлин "Норманд" мулоқотини ташкил этишга уринаётгани, бироқ ҳали учрашув муддатини аниқлашга муваффақ бўлинмаганини айтган.
Германия, Франция, Россия ва Украина раҳбарлари иштирокидаги "Норманд" формати" ёки "Норманд" тўртлиги" деб аталадиган гуруҳга 2014 йил 6 июнда мазкур мамлакатлар етакчиларининг Франциядаги Нормандия вилояти Шато-де-Бенувиль шаҳрида бўлиб ўтган дастлабки учрашувида асос солинган.