Адлия вазирлигида “Норма ижодкорлигида ақлли тартибга солиш тамойиллари ҳамда замонавий ёндашувлар” мавзусида халқаро семинар ташкил этилди.
Унда норма ижодкорлиги жараёнига илғор халқаро стандартларни жорий этиш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш (TSTB) тизимини янада такомиллаштириш масаласига эътибор қаратилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишда далилларга асосланган, мутаносиб ҳамда самарали ёндашувларни кенг қўллаш бўйича илғор тажрибалар илгари сурилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти, вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Чехия Республикасидан етакчи халқаро экспертлар иштирок этди.
Адлия вазирининг биринчи ўринбосари M.Истамов, Президент ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари А.Абдуқодиров, GIZ вакили В.Кесслер ҳамда OECD вакили Д.Трнка мамлакатимизда амалга оширилаётган тартибга солиш ислоҳотларининг изчиллиги, очиқлик ва самарадорлик тамойилларига асосланган янги ёндашувларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

OECDнинг Публис Говернансе Ревиев шарҳи асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган тартибга солиш ислоҳотлари, TSTB бўйича илғор халқаро амалиётлар, мутаносиблик ва чегаравий тестлар, шунингдек, Чехиянинг мазкур соҳадаги тажрибаси муҳокама қилинди.
Амалий машғулотлар давомида норматив тартибга солишга муқобил ечимларни ишлаб чиқиш, тартибга солишнинг ортиқча маъмурий юкини камайтириш ҳамда самарадорликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг иккинчи куни манфаатдор томонларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнига кенг жалб этиш механизмлари, шунингдек, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуасини тизимли равишда қайта кўриб чиқиш бўйича илғор халқаро тажрибаларни ўрганишга бағишланди.
Хорижий экспертлар томонидан мазкур йўналишларда тақдимотлар ўтказилиб, иштирокчилар ўртасида очиқ ва конструктив фикр алмашинуви ташкил этилди.
Мазкур халқаро тадбир норма ижодкорлиги фаолиятининг сифатини янги босқичга олиб чиқиш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилувчи муҳим профессионал мулоқот майдони бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА