Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Норин туманида ёшлар куни ташкил этилди
10:18 / 2020-12-07

Наманган вилояти ҳокимлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Норин туманида ёшлар куни ташкил этилди.

Бу тадбир доирасида ёшларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланишига зарур шароитлар яратиш, эртамиз эгаларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ишсиз юрган йигит-қизлар бандлигини таъминлаш, ёш авлод вакилларининг мурожаатларини эшитишга қаратилган комплекс чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади.

Даставвал, туман марказидаги сунъий қопламали мини-стадионда ўқиш ва иш билан банд бўлмаган уюшмаган ёшлар ўртасидаги футбол бўйича “Ҳоким кубоги” мусобақасига старт берилди. Маҳалла фуқаролар йиғинидаги икки ёздан зиёд ўсмирлардан шаклланган 20 жамоа иштирок этаётган турнирнинг илк учрашувини Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов рамзий тўп тепиш билан бошлаб берди.  

Бир ҳафта давом этадиган баҳасларда ғолиб чиққан жамоаларга комппьютер жамланмаси, мебеллар тўплами ва ноутбук каби қимматбаҳо совринлар тақдим этилади.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг “Олимп” залида бошланган волейбол бўйича баҳслар ҳам қизғин давом этмоқда. Тўда ва Қўшариқ маҳаллари жамоалари иштирокидаги дастлабки ўйинда вилоят ҳокими ҳам майдонда ҳаракат қилди.

Вилоят ва туман секторлари раҳбарлари спорт мактабидаги спорт секциялари фаолияти билан яқиндан танишди. Биргина, шахмат-шашка тўгарагининг ўзида 70 нафарга яқин ёшлар ақл-идрокини чархлаб келмоқда.

Яқинда таэквандо WTF бўйича ўтказилган мусобақада Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган Гулсанам Алижонова ва юнон-рум кураши бўйича мамлакат чемпионати ғолиби Асадбек Ҳожиевга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Келаси Олимпия ўйинлари йўлланмаларини олиш учун ҳозирданоқ тадорик ишларига киришиш лозимлиги, бунинг учун барча имконият ва шароитлар ҳозирланиши қайд этилди.

Ҳаққулобод шаҳарчасидаги ўйингоҳда ўтказилган “Ватанни мардлар қўриқлайди” шиори остидаги ҳарбий-ватанпарварлик фестивалида Миллий гвардия вилоят бошқармаси алоҳида топшириқлар бўлинмаси, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакилларининг чиқишлари намойиш қилинди. Миллий армиямиз салоҳиятини кўрсатувчи ҳарбий техника, қурол-яроғ ва аслаҳалар кўриги ташкил этилди.

Туман мудофаа ишлари бўлими томонидан ўтказилган “Темурбеклар” ҳарбий-спорт мусобақасида умумтаълим мактабларининг ўқувчилари иштирок этдилар.

Туман маданият марказида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов иштирок этиб, норинлик ёшларнинг юздан зиёд мурожаатларини тинглади. Ёшларнинг кредит, бандлик каби муҳим мурожаатлари бўйича гуруҳларга ажратиб, шу ернинг ўзида масалаларини ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.

Мулоқот давомида шу нарса аён бўлдики, аксар ёшлар ҳозирги кунда ишсизлик, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит олиш, бўш бино ва ер майдонларини ажратиш сингари муаммоларга дуч келмоқда. Қолаверса, ҳудудларда спорт мажмуаларини бунёд этиш, фитнес клуб ва архитектура-қурилишга ўргатиш марказини ташкил этиш, арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга мўлжалланган дала дўконлар қуриш каби мурожаатлар ҳам долзарб масалалар сирасидан.

Масалан, бошланғич синф ўқитувчиси Гулмира Йўлдошеванинг мурожаатига кўра, 13-сонли умумтаълим мактабида спорт зали мавжуд эмас. Маълум бўлишича, Норин туманидаги жами 9 мактабда мана шундай муаммо кўндаланг турибди.

Вилоят раҳбари халқ таълими мутасаддиларига жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш имконияти йўқ мактабларда енгил конструкцияли спорт залларини барпо этиш бўйича дастурга киритиш учун таклифлар тайёрлаш вазифасини топширди. Шавкат Абдураззоқов мазкур муаммони вилоят миқёсида таҳлилий ўрганиб чиқиш зарурлигини қайд этди.

Шўро маҳалласида яшовчи Файзулло Омоналиев 24 ёшда. У олийгоҳни тамомлагач, мактабда математика фанидан ўқувчиларга таълим бермоқда. Ишидан бўш пайтларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Ўзи таъсис этган фермер хўжалигида 7 мактабгача таълим ташкилотига сут ва сут маҳсулотларини етказиб беради. Яқинда Хитойдан 16 минг доллар миқдоридаги сутни қайта ишлаш техникасини олиб келди. Эндиликда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида унга 150 миллион сўм миқдоридаги молиявий кўмак зарур.

Учрашувда мазкур мурожаатни тинглаган вилоят раҳбари мана шундай ишбилармон ёшлар сафини ортиши учун барча имконият ва рағбатлантиришлар берилишига тайёрлигини маълум қилди. Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғи Ғайбулло Воҳидов ва Норин тумани ҳокими Дилмурод Қодировга ёш тадбиркор сўраган 150 миллион сўм кредит маблағини ажратиб бериш, унинг фаолиятини доимий равишда қўллаб-қувватлаб бориш вазифасини юклади.

Тўда маҳалласида истиқомат қилувчи 18 ёшли Шаҳноза Арслонова педагогика коллежини битириб, ишга жойлаша олмади. Ўзи ва дугонаси чеварчиликка қизиқишади, лекин тикув машинаси олишга маблағдан қийналишган. Вилоят раҳбари учрашув якунигача бу масала ижобий ҳал бўлишини айтди. Шаҳнозага тадбир якунида туман сектор раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан ўзи орзу қилганидек бир эмас, икки дона тикув машинаси топширилди.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА