Андижон вилоятида маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича 70 миллиард сўмга яқин нореал қарздорлик истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Андижон вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамда туман, шаҳар жамиятлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, нореал шаклланган қарздорликларни бартараф этиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Андижон вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида хизмат кўрсатиш сифати ва аҳволини ўрганиш юзасидан жамоатчилик назорати тартибида кузатув-ўрганишлар олиб бориш режаси тасдиқланган.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Андижон вилояти ҳудудий бирлашмаси, туман, шаҳар жамиятларига вилоят аҳолисидан маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш билан шуғулланувчи корхоналари фаолияти, бу борадаги нореал қарздорлик бўйича келиб тушган мурожаатлар юқоридаги режа ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида ўрганиб борилмоқда.
Аҳолидан тушган мурожаатларда маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан зарур хизматлар кўрсатилмаганлиги, нореал қарздорлик юзага келганлиги баён этилган.
Мутахассислар томонидан мурожаатлар ўрганилганида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг Андижон вилоят бошқармаси, унинг тасарруфидаги туман, шаҳарларда иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 ноябрдаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан оммавий шартномалар тузилганлиги аниқланди.
Бироқ, 2024 йил ва жорий 2025 йилнинг дастлабки ойларида, айниқса, куз-қиш ойларида ҳаво ҳароратининг совиб кетганлиги, газ танқислиги туфайли маиший чиқиндиларни олиб кетишга масъул корхоналар техника воситаларини ёқилғи билан таъминлай олмаган. Шу боис, қайд этилган давр ичида белгиланган график асосида аҳолига тўлиқ ва сифатли хизмат кўрсатилмаган.
Ўрганишлар якунига кўра, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича масъул корхоналар томонидан маҳаллаларга, аҳолига белгиланган хизматлар кўрсатилмаганлиги сабабли 2024 йил мобайнида ҳисобланган 64 миллиард 345 миллион сўм ва жорий йилнинг июнь ойига қадар ҳисобланган 5 миллиард 633 миллион сўм, жами 69 миллиард 978 миллион сўм қарздорлик тўловлари истеъмолчилар фойдасига биллинг тизимидан ўчирилди.
Ф.Убайдуллаев,
ЎзА мухбири