Қашқадарё вилояти Косон тумани “Хўжақудуқ” маҳалласида яшовчи З.П. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефони орқали мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, Косон туман электр таъминоти корхонаси томонидан мурожаатчи хонадонида сув насосидан фойдаланилгани учун асоссиз қарздорлик ҳисобланган. Аммо фуқаро электр энергиясидан алоҳида абонент ҳисобрақами очган ҳолда ҳисоблагич орқали фойдаланиб келган ва тўловларни ўз вақтида амалга оширган. Туман электр таъминоти идораси эса сув насоси ишлатилганини сабаб қилиб, 31 миллион 647 минг сўм нореал қарздорлик ҳисоблаган. Бундан ташқари, мазкур қарздорликни истеъмолчидан мажбурий тартибда ундириш тўғрисида шу йилнинг 13 март куни фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг буйруғи чиқарилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида истеъмолчи хонадонига электр энергияси бўйича ҳисобланган қарздорлик асоссиз экани, яъни ҳисоблагич кўрсаткичларидан ортиқча ҳисоблангани аниқланди. Натижада, қарздорликни мажбурий ундириш тўғрисидаги суд буйруғи бекор қилиниб, 31 миллион 647 минг сўм ноқонуний қарз истеъмолчининг ҳисобидан чиқарилди.
М.Қосимова,
ЎзА