Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ноқонуний захирага олинган 191 гектар ер фермерларга қайтарилди
17:50 / 2022-10-27

Халқ депутатлари Асака тумани Кенгашининг қарори билан ноқонуний равишда туман ҳокимлиги захирасига олиб қўйилган ер майдони фойдаланувчиларга қайтарилди. Бу ҳақида Андижон вилояти Адлия бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Халқ депутатлари Асака тумани Кенгашининг жорий йил 13 сентябрдаги тегишли қарори билан тумандаги 102 та фермер хўжалигига тегишли 191 гектар ер майдони ҳамда туман ҳокимлиги захирасида турган 69 гектар ер майдони захирага олинган. Бунга фермерларнинг захирага қайтариш тўғрисидаги аризалари, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари асос қилиб кўрсатилган.

Асака тумани адлия бўлими томонидан "E-qaror" электрон тизими орқали қабул қилинган қарорлар мониторинг тартибида ўрганилганда Кенгашнинг ушбу қарори Президентнинг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига зид эканлиги аниқланган.

Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Асака тумани адлия бўлими томонидан юқоридаги фармонга зид бўлган қарорни бекор қилиш юзасидан Халқ депутатлари Асака туман Кенгашига тегишли тартибда тақдимнома киритилган. Тақдимномага асосан, Кенгашнинг 2022 йил 21 октябрдаги қарорига асосан, ерларни туман ҳокимлиги захирасига олиш тўғрисидаги аввалги қарор бекор қилиниб, ерлар фермерларга қайтариб берилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА