Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйилди
17:58 / 2022-05-31

Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Бухоро аэропорти” чегара божхона пости орқали юртимиздан хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Т.Қ, С.Ф ва С.А ларнинг яшил йўлакдаги хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди.

Ушбу шахслар ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. 9 минг АҚШ долларидан жами 27 минг АҚШ доллари қийматидаги нақд хорижий валюталарни ноқонуний олиб чиқиб кетиш режасига чек қўйилди. Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролардан сўралганида ушбу хорижий валюталар ўзига тегишли эмаслигини, уларга нотаниш шахс томонидан республика ҳудудидан олиб чиқиш учун берилганлигини маълум қилган.

Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари, ички ишлар бошқармаси ва Миллий гвардиянинг вилоятдаги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида олинган маълумотлар асосида тезкор тадбир ўтказилди. Унда Ғиждувон туманида дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди. “Сармижой” постида фуқаро бошқарувидаги “Исузу” автоуловида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, сифати кафолатланмаган, хорижда ишлаб чиқарилган жами 63 турдаги, умумий қиймати 200 миллион сўмлик ҳар хил турдаги дори воситалари ташилаётганлиги аниқланди.

“Олот” чегара божхона постида аниқланган ҳолатларда қўшни давлатдан кириб келган юкли транспорт воситаси холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди. Натижада юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган умумий қиймати 164 миллион сўмлик 6 ўринда, 208 ўрамдаги “Perla” ёзувли нам салфетка ва болалар тагликлари борлиги аниқланди. 

Ушбу постдаги навбатдаги ҳолатда қўшни давлатдан кириб келган юкли транспорт воситаси расмийлаштирув жараёнида “қизил” йўлакка тушганлиги сабабли, холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди. Бундай ҳолатда эса юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча умумий қиймати 96 миллион сўмлик 13 минг 800 дона соқол олишда ишлатиладиган устара  товарлари борлиги аниқланди. 

Ҳозирги вақтда юқорида келтирилган барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Рақамларга кўра, вилоят божхона бошқармаси томонидан 2022 йилнинг ўтган даврида аниқланган 283 та ҳолатда, умумий қиймати 56,1 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Биргина нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларини оладиган бўлсак, жорий йилнинг шу даврига қадар эквиваленти 1 миллиард 576 миллион сўмга тенг нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига ўз вақтида чек қўйилган. 

Зариф Комилов, ЎзА