English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ноқонуний ундирилган 687 миллион сўм тадбиркорга қайтарилди
14:42 / 2022-05-30

Маълумки, юртимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда Бизнес-омбудсман томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунга кўра, Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи “Huaxin Cement Jizzakh” МЧЖ ХК Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекциясининг ҳаракатидан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Жамият томонидан бошқа тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар тузилган. Аммо жамиятнинг фаолиятида амалга оширилган камерал солиқ текшируви натижасида ушбу шартномалар кўзбўямачилик учун тузилганлиги важ қилиниб, солиқ инспекцияси томонидан Жамият ҳисобидан қонун-ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда 687 миллион сўм ундирилган.

Солиқ кодексининг 14-моддасига кўра, ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, битим қалбакилиги (кўзбўямачилик учун тузилганлиги) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса – солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.

Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилиб, натижада Жамият ҳисобрақамидан ечиб олинган маблағлар қайтарилиши белгиланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА