Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида лицензия ва рухсатномаларсиз “Умра” сафарларига оид реклама тарқатилгани ва бу орқали қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани маълум қилинди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрди ва қонун талабларига қатъий амал қилиш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида фуқаро Х.С. ўзининг “Умра” саҳифаси орқали Telegram ижтимоий тармоғида тегишли лицензия ва рухсатномаларсиз сафар хизматларига оид реклама тарқатгани аниқланди.
Эътиборли жиҳати, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, фақат тегишли лицензия ва махсус рухсатномага эга бўлган хизматларнигина реклама қилишга рухсат берилади. Акс ҳолда, бундай фаолият ноқонуний ҳисобланади.
Аниқланган ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий жавобгарлик чорасини қўллаш бўйича материаллар судга тақдим этилди.
Андижон вилояти
Андижон вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. “ABU ZUBAYR TRAVEL” МЧЖ тегишли лицензия ва рухсатномаларга эга бўлмаган ҳолда “Умра” тадбирларини ташкил этиш билан шуғулланган ва Telegram тармоғида уларни кенг тарғиб қилган.
Ушбу қонунбузилиш юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан иш қўзғатилиб, корхонага нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида зарур кўрсатмалар берилди.
Бухоро вилояти
Шу каби ҳолатлар Бухоро вилоятида ҳам аниқланиб, тегишли масъулларга нисбатан қонун доирасида чоралар кўрилди.
Қўмита эслатади: Қонунбузилиш жавобгарликка олиб келади
Рақобат қўмитаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини огоҳлантиради: лицензия ёки махсус рухсатнома талаб этилувчи хизмат ва маҳсулотларни тегишли ҳужжатларсиз реклама қилиш амалдаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади.
Норасмий реклама истеъмолчиларни чалғитиши, уларнинг ҳуқуқларини бузиши ва инсофсиз рақобат муҳитини келтириб чиқариши мумкин.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА мухбири