“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари назорат органлари билан ҳамкорликда жойларда рейд тадбирлари ташкил этмоқда. Текширувлар натижасида сув таъминоти ва оқова сув тизимларига 8 500 та ноқонуний уланиш ҳолати аниқланган.
Бунда энг юқори кўрсаткичларни Фарғона вилояти, Тошкент шаҳри, Сирдарё вилояти эгаллаган.
Мазкур қонунбузарликлар сабабли жамият манфаатларига жами 75,7 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан республика бўйича 26,9 минг нафар жисмоний ва юридик истеъмолчи қарздорлиги учун сув таъминоти тармоғидан узилган. Ушбу ҳолатларнинг 13,3 мингтаси, яъни энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидлаш жоиз, ҳисобот даври давомида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда сув таъминоти ва канализация хизматлари бўйича 139,3 минг нафар истеъмолчидан жами 421 миллиард сўмлик маблағни ундириш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судларга тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.
Киритилган ишлар бўйича судлар томонидан 68,5 мингта 224 миллиард сўмлик суд қарорлари қабул қилиниб, бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ижросини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Брифингда сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланишга амалдаги қонунчиликда жиноий жавобгарлик кўзда тутилган бўлиб, қонунбузарларга белгиланган тартибда тегишли чора кўрилиши қайд этилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири